400 АҚШ доллари эвазига шаҳодатнома расмийлаштириб бермоқчи бўлган мактаб директори ўринбосари қўлга олинди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаро А. ариза билан мурожаат қилиб, унда ўрта махсус маълумотга эга бўлиш мақсадида ўқишга кириш тартиби билан қизиқиб юрган вақтида Самарқанд шаҳридаги 8-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори ўринбосари Д.З. унинг ишончига кириб, 400 АҚШ доллари эвазига 11 йиллик таълимни олганлиги тўғрисида шаҳодатнома расмийлаштириб беришини айтган.

Бунинг учун дастлаб 100 АҚШ долларини олдиндан олган, ҳозирда эса қолган 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб келаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан 4 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан 8-сонли мактаб биносида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида, Д.З. хизмат хонасида ариза муаллифидан талаб қилган 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.