50 минг АҚШ доллари эвазига АҚШга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида фирибгарларнинг қонунга хилоф ҳаракатларига чек қўйиш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш борасида тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бирида яна бир “уддабурон” “ҳожатбарор”нинг қилмишлари фош бўлди. Аниқланишича, фуқаро И.С маҳаллий фуқаро Ш.М.га ўзининг танишлари орқали АҚШ давлатига кириш визасини тайёрлаб беришини ва у ерда яхши иш ўринлари билан таъминлашини ваъда қилиб, эвазига 50.000 доллар талаб қилган.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.С. олдиндан келишилган 45.600 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан И.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тергов жараёнларида И.С.нинг бошқа фуқаролардан ҳам фирибгарлик йўли билан олган маблағлари бўйича аниқлик киритилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.