500 нафардан зиёд юртдошимиз беғараз қон топширди

Ҳар куни дунё бўйича юз минглаб одам донор қонига эҳтиёж сезади. Айниқса, оғир касалликларга чалинган инсонлар, бахтсиз ҳодиса туфайли тан жароҳати олган беморлар ҳаётини сақлаб қолишда қон муҳим восита саналади.

Вилоят қон қуйиш марказида Халқаро донорлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари ходимлари, фахрий донорлар иштирок этди.
– Ҳар йилги анъанага кўра, бу йил ҳам вилоятимизда қон топшириш ойлиги эълон қилиниб, ушбу хайрли акция марказимизда ҳамда барча туман ва шаҳарларда уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, – дейди вилоят қон қуйиш маркази бош врачи Рофе Алиев. – Ана шу тадбирларда 500 нафардан ортиқ юртдошимиз беғараз қон топширдилар. Бугун ҳам юз нафарга яқин корхона ва ташкилотлар вакиллари хайрия тадбирида иштирок этиб, беморлар учун қон топширишди.

Қўшработ туманида яшовчи Маҳмуд Ўринов қарийб 30 йилдан буён донорлик қилади. У ҳозиргача 60 мартага яқин қон топшириб, қон ва қон препаратларига муҳтож беморларни ҳаётга қайтариш, саломатлигини тиклашга беминнат ёрдам кўрсатди.
- Қон топшириш менинг севимли ишимга айланган, - дейди “Ўзбекистон фахрий донори” кўкрак нишони соҳиби М.Ўринов. - Донорлик эса қон ва унинг компонентларига муҳтож инсонлар учун беғараз кўмак бўлса, саломатлигим учун ҳам кони фойда.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ҳ.Тўхтаев қон топшириш акциясида фаол қатнашган корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда фахрий донорларга миннатдорлик билдириб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.
Шунингдек, сана муносабати билан тўрт нафар донорга “Ўзбекистон фахрий донори” кўкрак нишони берилди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).