650 минг кўчат тайёр, бошқасида эса кўчатнинг ҳисоби йўқ

- Бу йил станциямиз ходимлари томонидан уруғлик мева кўчатларидан 266 минг, данакли мевалардан 38 мингдан ортиқ кўчатлар тайёрланди, - дейди илмий тажриба станцияси директори ўринбосари Ўрмонбек Мирзоҳидов. – Биргина олманинг 12 хил янги навидан 260 мингдан ортиқ кўчат аҳолига етказиб берилмоқда. Республикамизда узум етиштиришни ривожлантириш мақсадида тажриба хўжалигимизда узумнинг 8 хил навидан 400 мингга яқин кўчат тайёрланди. Бу йил узумнинг “Суғдиёна” ва “Кишмиш Малика” каби истеъмолбоп навлари яратилиб, давлат реестрига киритилди ва шу кунларда янги навли узумнинг 3,5 минг туп кўчати сотувга чиқарилмоқда. Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида станциямизда савдо хизмати ташкил этилиб, мижозларга нақд пул, пул кўчириш ва банк пластик карточкалари орқали ҳам кўчатлар тақдим этяпмиз. Бундан ташқари, кўча ва хиёбонлар ободончилиги учун турли хил гул ва манзарали дарахт кўчатларини ҳам етиштиряпмиз.

Мавриди келганда шуни айтиш керакки, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳам жорий йилги мавсум учун кўчат етиштиришган. Аммо улардан икки ҳафтадан буён кўчатларга оид маълумотларни ололмадик. Эҳтимол, улар етиштирилган кўчат ҳисобини топишмаётгандир ёки бу маълумот сир тутилармикан?

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.