7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни: Ҳукуматлар ўз халқларининг саломатлиги учун жавобгардирлар
1948 йил 7 апрель Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг Биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига ҳозирда 194 та аъзо давлатлар киради.
ЖССТнинг жорий низоми қабул қилинган ўша олис 1948 йилда Женевада йиғилганлар, албатта, соғлиқни сақлашга оид йирик глобал масалаларда ҳамкорлик қилишни мақсад қилган эди. Ўшандан бошлаб бу сана, шунингдек, Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида нишонланади.
Қизиғи шундаки, ЖССТнинг «аждоди», яъни функционал жиҳатдан у билан яқин вазифаларни бажарган илк халқаро ташкилот 1839 йилда Усмонийлар империяси пойтахтида ташкил қилинган. У Истанбул халқаро соғлиқни сақлаш олий кенгаши деб номланган. Бу ташкилотнинг вазифаси ҳам айнан глобал эпидемияларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўлиб, асосан империя портларида ўлат ва вабога қарши чораларни кўриш билан шуғулланган. 1923 йилда ҳам шунга ўхшаш ташкилот тузилган бўлиб, у Миллатлар Лигаси таркибидаги соғлиқни сақлаш ташкилоти бўлган.
ЖССТ низоми қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
1. Саломатлик — бу нафақат танада касалликларнинг мавжуд эмаслиги, балки умумий-ижтимоий, руҳий ҳамда жисмоний барқарорлик ҳолатидир;
2. Кишининг ирқи, дини, сиёсий қарашлари, иқтисодий ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, саломатлик борасида энг яхши даражага эриша олиши ҳар бир шахснинг энг асосий ҳуқуқларидан бир ҳисобланади;
3. Жаҳондаги барча халқларнинг саломатлиги дунёда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилишининг энг асосий омили бўлиб, у ҳар бир мамлакат ва давлатнинг тўлиқ ўзаро ҳамкорлигига боғлиқдир;
4. Ҳар қандай давлатнинг соғлиқни сақлаш борасидаги эришган натижалари барча учун аҳамиятлидир;
5. Турли мамлакатларда касалликларга қарши кураш, айниқса, юқумли касалликларга қарши кураш борасидаги чораларнинг нотекислиги қолган барча учун умумий хатарни келтириб чиқаради;
6. Бола саломатлиги энг устувор вазифа ҳисобланади;
7. Барча халқлар учун тиббиёт, психология ва турдош илмлар ютуқларидан бирдек фойдалана олиш шароити яратилиши — саломатликни таъминлаш борасидаги энг асосий шартлардан бири бўлиши керак;
8. Халқ саломатлигини яхшилаш борасида жамоатчилик билан фаол ишлаш, унинг бу борадаги тушунчаларини шакллантириш, ушбу халқнинг саломатлигини ҳимоялаш учун ғоят муҳимдир;
9. Ҳукуматлар ўз халқларининг саломатлиги учун жавобгардирлар. Бу жавобгарлик соғлиқни сақлаш соҳасида тегишли чораларни кўришни тақозо этади.
Ушбу сананинг халқаро байрам куни сифатида нишонланиши, халқаро ҳамжамият ва ҳар бир шахсни жаҳондаги мавжуд ҳозирги долзарб тиббий масалаларга эътибор қаратишга чорлашни мақсад қилади. Кишиларни ўз саломатлигига бефарқ бўлмасликка ҳамда яқинлари ва жамият олдидаги масъулиятни англаган ҳолда иш тутишга чорлайди.