7 нафар самарқандлик “Президент ҳожиси” деган шарафга муносиб кўрилди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил 100 нафар юртдошимизга “Президент ҳожиси” лойиҳаси асосида Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун бепул йўлланма берилди.

Жумладан, Самарқанд вилоятидан ўзининг ҳалол турмуш тарзи, оилавий ҳаёти ва фидойилиги билан бошқаларга ибрат бўлаётган 7 та нафар инсон ана шундай шарафга муносиб кўрилди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ва вилоят ҳокимлиги масъуллари, фаоллар бу фуқароларнинг хонадонларига бориб, уларга Ҳаж йўлланмаси ва ҳокимлик совғаларини топширдилар.

– Ҳар бир мўмин-мусулмон қатори мен ҳам намозларда, дуоларда муборак Ҳаж сафарларига етказсин, деб ният қилардим, – дейди Қўшработ тумани Шавона маҳалласида яшовчи Ахмат Очилов. – Аллоҳга шукр, бугун ана шу дуоларим ижобат бўлиб, ҳурматли Президентимизнинг эътиборлари билан муборак сафар йўлланмаси насиб этди. Худо хоҳласа, муқаддас масканларда юртимиздаги тинчлик барқарор бўлиши, халқпарвар Юртбошимиз омон бўлишларини тилаб дуолар қиламиз.

Нуробод туманининг Амир Темур маҳалласида истиқомат қилувчи 67 ёшли Ислом Бекмуродов ҳам “Президент ҳожиси” сифатида улуғ зиёратга бориб келадиган бўлди. Узоқ йиллар давомида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида самарали фаолият юритиб, эл-юрт хизматида бўлган нуроний кўрсатилган бу эътибор ва ғамўрлик учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдорлигини билдирди.

Бепул йўлланмалардан бири Жомбой тумани Қанғли маҳалласида яшовчи Бердиқул Умматовга берилди. Отахон 28 йилдан буён маҳалладаги “Иброҳим ота” масжиди қоровули сифатида меҳнат қилиб, ушбу маскан ва унинг атрофи ободлигини таъминлашга бош-қош бўлиб келмоқда. Шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлмоқда.

– Муборак Ҳаж зиёратига давлатимиз раҳбарининг эътиборига тушиб,  у кишининг йўлланмалари асосида бораётганим қалбимни икки ҳисса қувончга тўлдирди, – дейди Бердиқул Умматов. – Бу юртимизда инсон қадрининг қанчалик улуғлигидан, ҳалол меҳнат доим қадр топишидан яна бир далолатдир. Худо яна қанча умр берса, маҳаллами, халқимиз учун хизмат қилашга тайёрман.