8 мартда совға олишни ёқтирмайдиган ўқитувчи

Байрамда совға олишни кутмайдиган аёл бўлмаса керак. Айниқса, таълим тизимининг турли бўғинларида ишлайдиган хотин-қизлар учун бу байрам дил изҳорларию табрикларга бой кун бўлади.

Лекин буни қарангки, ушбу байрамда ўқувчиларидан совға олишга кўнгли чопмайдиган соҳа вакиллари ҳам бор экан. Уларнинг айримларининг фикри билан қизиқдик.

Байрамга кутилмаган эътибор

- 30 йилдан буён мактабда фаолият олиб бораман, - дейди Самарқанд шаҳридаги 61-эшитишда нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабнинг математика фани ўқитувчиси Ҳуррият Беналиева. - Алоҳида эҳтиёжга эга болалар билан ишлаганим учун ҳеч қачон улардан совға кутмаймиз. Аксинча, синфда таҳсил оладиган қизларни хурсанд қилишга интиламиз. Гарчи бу болалар учун математикани ўзлаштириш қийин бўлса ҳам фанни яхши кўришади. Бундан бир неча йил олдин ўқувчиларим имо қилиб, келинг деб, синфга тортади, ҳайрон қолдим. Синфга киришим билан болалар қарсак чалиб, табриклашди. Очиғи, кутилмаган воқеа бўлди. Уларнинг синф раҳбари бўлмасам ҳам менга бўлган эътибордан қувондим. Бу даргоҳга ўқувчилар совға кўтариб келмайди, бунга йўл ҳам қўймаймиз.

Байрам кўнглимда ёмон из қолдирган 

- 8 мартда баҳорнинг таровати, гўзаллигини ҳис қиламан. Лекин негадир байрамни унчалик ёқтирмайман. Эҳтимол, болалик хотираларимни ёдга солгани учундир. Бошланғич синф ўқитувчимизга имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда совға олиб борардик. Совға учун оммавий пул йиғилмасди. Устозимиз бизни доска ёнига бир қатор қилиб териб қўярди. Шундан сўнг битта-битталаб барчамиздан совғаларни оларди. Кимнинг совғаси яхшироқ бўлса, оларди, ёқмаган совғани қайтариб берарди. Совғани олмаса, бизга жуда оғир ботарди. Совғам ўзимда қолиб кетмаслиги учун бир байрамда уйдан онамнинг чиройли гулдонини олиб борганман. 

Кейинчалик, юқори синфда биология фани ўқитувчиси бизга раҳбарлик қилди. У киши ҳаммамизни тенг кўрар,  болаларга жуда меҳрибон эди. Ҳатто уйларига олиб бориб, бизни меҳмон қиларди. Шу ўқитувчимизнинг бизга бўлган алоҳида меҳри туфайли ўзим ҳам ўқитувчилик касбини танладим.

Токчадаги гул

- Бу кун хотин-қизларга ҳар қандай ҳолатда ҳам байрамона кайфият берса керак, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ўқитувчиси Махсуда Бекмурадова. – Сабаби, баҳор ҳавоси, табиат уйғониши, атрофдаги ифорлар – ҳаммаси кишига ўзгача завқ, кайфият беради.  Шунинг учун болалигимиздан онамизни, опа-синглимизни табриклашдан хурсанд бўлганмиз. Фақатгина шу байрамда совға олаётган одам эмас, уни тортиқ қилаётган кишининг ҳам кайфияти ўзгача бўлади, назаримда. 

Йиллар ўтиб, улғайиб, ўзим ҳам муаллима бўлдим. Тўғриси, байрамда талабалардан совға кутмайман. Бу байрамда фақат яқин кишиларингдан совға олиш лозим, деган фикрдаман.

Муниса ШАМСИЕВА.