9-синф ўқувчисини урган ИИБ ходимларига нисбатан терговга қадар текширув бошланди
Интернетда тарқалган орган ходимлари мактаб ўқувчисини уриб, бўйнига ўғрилик жинояти қўймоқчи бўлганлигига оид хабарлар ўрганилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, 2019 йил 12 ноябрь куни Ғиждувон тумани Шўрча қишлоғида яшовчи М.Фозилова туман прокуратурасига ўғли Ф.Тошпўлатовни мактабда (31-мактаб) бўлган вақтида ўзларини Ғиждувон тумани ИИБ ходими деб таништирган «Мурод» ва «Лазиз» исмли шахслар мактаб директори хонасидан олиб кетиб, сув насоси ва тикув машинасини ўғирлаганлигини бўйнига олишни талаб қилиб, юз қисмига ургани, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлигини оғзаки равишда билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Фозилова ариза ёзишдан бош тортиб, мурожаатини Бош прокуратура ишонч телефонига қўнғироқ қилиб қолдирганлигини ва ўғли Ф.Тошпўлатовни суд-тиббий экспертизадан ўтиши учун қарор беришни сўраб, тушунтириш хати ёзиб берган.
Вояга етмаган Ф.Тошпўлатовнинг танасида жароҳатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигига баҳо бериш учун 2019 йил 12 ноябрда судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Шу куннинг ўзида М.Фозилованинг оғзаки мурожаати тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, Ғиждувон тумани Шўрча қишлоғида яшовчи А.Тошпўлатов Бош прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, вояга етмаган, 2004 йилда туғилган укаси Ф.Тошпўлатовни 2019 йил 12 ноябрь куни Ғиждувон туман ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари М.Шарипов ва Л.Наимовлар уриб тан жароҳати етказганлиги ҳақидаги мурожаати 2019 йил 18 ноябрда туман прокуратурасига келиб тушган.
Терговга қадар текширувда 2019 йил 6 ноябрь куни Шўрча қишлоғида яшовчи Д.Раупованинг уйида номаълум шахс томонидан ўғирлик жинояти содир этилганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ИИО ФМБ суриштирувчисининг ёзма топшириғига асосан 2019 йил 12 ноябрь куни Ғиждувон тумани ИИО ФМБ 1-ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари М.Шарипов ва Л.Наимовлар тумандаги 31-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ф.Тошпўлатовни 1-ИИБга олиб келиб, педагог-ўқитувчи иштирокисиз суҳбат олиб борилганлиги ва ИИБ биносига келган фуқароларнинг кириш-чиқишларини қайд қилиш дафтарида ҳам педагог-ўқитувчининг рўйхатдан ўтмаганлиги ҳамда вояга етмаган Ф.Тошпўлатов ва ўқитувчисидан тушунтириш хати олинмаганлиги аниқланган.
Туман прокуратураси томонидан 2019 йил 26 ноябрда Ғиждувон тумани ИИО ФМБ 1-ИИБ ЖҚБ тезкор вакили М.Шариповга нисбатан интизомий жавобгарликка доир иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун вилоят ИИБга юборилган.
Шунингдек, М.Шарипов ва Л.Наимовларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, вилоят ИИБга юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.