Абитуриент Самарқандда туриб Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтиши мумкин
Кейинги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ва абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш тартибига қатор янгиликлар киритилди. Айнан шу ўзгаришлар бўйича абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарида кўплаб саволлар туғилмоқда. Шу боис тест синовлари бўйича айрим саволлар билан Давлат тест марказининг Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Носир Эшонқуловга мурожаат қилдик.
– Абитуриент ўзи яшаётган вилоятдан туриб бошқа вилоятдаги олий таълим муассасаларига рўйхатдан ўтса бўладими? Шундай ҳолатда у тестни қаерда топширади?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2019-2020 ўқув йили қабулидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Мазкур қарор асосида 2019-2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Танланаётган таълим йўналишлари битта, иккита ёки учта олий таълим муассасасида бўлиши ҳам мумкин.
Эндиликда абитуриентлар ўзлари яшаб турган ҳудуддан ташқари бошқа вилоятдаги олий таълим муассасаларининг таълим йўналишларига кириш учун ҳам рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади. Абитуриент олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, шунингдек, олий таълим муассасаларидаги рўйхатдан ўтиш манзиллари орқали рўйхатдан ўтаётганда тест синовларида қайси ҳудудда иштирок этиши бўйича қўшимча маълумот киритилади ва абитуриентлар ўзларига қулай бўлган ҳудудда тест синовларида иштирок этиши мумкин бўлади.
– Абитуриентлардан талаб қилинадиган ҳужжатлар ҳақида гапирсангиз.
– Энди абитуриентлар ҳужжат топширмайди, балки оригинал ҳужжатларини кўрсатиб, рўйхатдан ўтади ва ўзи билан қайтариб олиб кетади. Рўйхатдан ўтиш учун абитуриентлардан паспорт (у йўқ бўлса, 09-форма ёки туғилганлик гувоҳномаси), диплом ёки шаҳодатнома (иловаси билан), мабодо имтиёзи бўлса, уни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.
Абитуриент қаердан рўйхатдан ўтишидан қатъий назар ундан худди шу ҳужжатлар сўралади. Аввалги йиллардагидек расм, папка, 086-маълумотнома эндиликда сўралмайди.
– Тест жараёнини шаффоф ва очиқлик билан ўтиши учун нима ишлар қилиняпти?
– Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган биноларга киришда абитуриентлар фейкантрол орқали ва бармоқ изларини сканерлаш қурилмалари орқали назоратдан ўтказилади. Шу билан бирга тест синовлари ўтказиладиган биноларга абитуриентлар томонидан алоқа воситаларидан фойдаланишларининг олдини олиш учун махсус қурилмалар ўрнатилади.
Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаймиз. Жараённи ота-оналар ташқаридан кузатиб туриши учун кузатув мониторлари ўрнатилади. Қолаверса, хоҳловчи ота-оналар тест бўладиган хоналарга кузатувчи сифатида таклиф этилади.
– Учта йўналишга рўйхатдан ўтган абитуриент 3 марта ҳам 101 минг сўмдан тўлов қиладими?
– Юқорида келтирилган қарор асосида, абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этишлари учун тўлов ундириш белгиланди. Хусусан, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундириш кўрсатиб ўтилган. Тест синовлари ташкил этилаётган йилда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди. Абитуриентлар учун тўлов фақатгина бир марта амалга оширилади.
– Абитуриентлар имтиҳон натижаларини қачон ва қаердан билиш мумкин?
– Абитуриентлар тест синовларига кириш учун рўйхатдан ўтганларидан сўнг уларга Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида шахсий кабинет ташкил этилади. Бу шахсий кабинетга абитуриент учун керак бўладиган барча маълумотлар, жумладан, абитуриентга эслатма, абитуриент рухсатномаси ва унинг тест натижалари ҳақидаги маълумотлар бериб борилади.
Абитуриент тест синови натижасини имтиҳон бўлган куннинг эртасигаёқ билиши мумкин. Танлаган таълим йўналишларининг қайси бирига давлат гранти ва тўлов контракт асосида ўтганлигини тест синовлари тугаганидан сўнг бир ҳафта ичида билиб оладилар.
– Бу йилги тест синовлари вилоятимизнинг қайси ҳудуд ва биноларида ўтказилади?
– Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари Самарқанд вилоятида битта ҳудуд ва бу ҳудудда жойлашган 5 та катта сиғимдаги биноларда бўлиб ўтади. Бу бинолар – Самарқанд давлат университети академик лицейининг спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 3 та спорт зал ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежининг спорт заллари. Тест синовлари ўтказилиши белгиланган биноларга 1 сменада 3060 нафар абитуриентнинг тест топшириши режалаштирилган.
– Сиртқи ва махсус сиртқи таълимга ҳужжат топшириш тартиби қандай? Бундай таълим йўналишида таҳсил олмоқчи бўлганлар ҳам 101 минг сўм тўлов қилиб, улар ҳам 3 та йўналишни танлайдими?
– Сиртқи ва махсус сиртқи таълим шаклларига ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача бўлган муддатда бевосита танланган олий таълим муассасасининг ўзига топширилади. Сиртқи ва махсус сиртқи таълим шаклларига 3 та таълим йўналишини танлаш имконияти берилмаган ва ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.
– Имтиҳон натижаларидан қониқмаган абитуриент қачон ва қаерга мурожаат этиши мумкинлигига тўхталсангиз.
– Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом асосида ўтказилади. Ушбу Низом асосида тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача (белгиланган иш вақтига мувофиқ, дам олиш кунларисиз ўн бир календарь иш куни ичида) бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига мурожаат қиладилар.
Абитуриентга апелляция шикояти қабул қилинганлиги тўғрисида уч иш куни ичида хабарнома берилади. Шунингдек, апелляция шикояти Давлат тест марказида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларида қабул қилинади.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ суҳбатлашди.