Абитуриентлар учун тест синовлари бошланди: Самарқандда икки нафар абитуриент ўринга ўрин киришга уринди
Бугун, 8 августдан республикамизда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун тест синовлари бошланди.
Самарқанд вилоятида бешта очиқ майдонда жами 5460 ўринга мўлжалланган жойлар тайёрланди. Тест синовлари икки навбатда олинишини ҳисобга олсак, бир кунда 10920 нафар абитуриент имтиҳон топширади.
Биринчи навбат имтиҳонлари соат 07:00 дан 10:00 гача, иккинчи навбат 19:00 дан 22:00 га қадар давом этади. Абитуриентлар имтиҳон ҳудудига тест синови бошланишидан 1 соат олдин паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан келишлари лозим.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, вилоятда 108 978 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Бугун имтиҳоннинг илк куни биринчи навбатда 5460 нафар абитуриент тест синовларида қатнашиши керак эди. Аммо 503 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.
Шунингдек, икки нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани, бир нафари имтиҳонда тақиқланган воситадан фойдалангани сабабли тест синовларидан четлатилган.
Самарқандда олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 10 кун, яъни 17 августга қадар давом этади.