Адашган йигитни Иштихон тумани ҳокимлиги оталиққа олди

Иштихон туманида икки йилдан буён қидирувда бўлган Фозил Ҳосилов уйига қайтди. Туман ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан ҳамда моддий қўллаб-қувватлови туфайли 1993 йилда туғилган ёш йигит ўз ватанига қайтишга муяссар бўлди.
- Йигит қийинчиликда ўсган бўлиб, 2017 йилда тўғри йўлдан адашиб, қўшнисининг газ баллонини ўғирлайди, - дейди Иштихон туман ҳокими ўринбосари Аҳмад Ҳасанов. - Аммо кейин жазо олишидан қўрқиб, Россияга қочиб кетади. Шу муддат давомида у ёқда ҳам иш тополмай, қийинчиликларни бошидан кечиради. У билан алоқани йўлга қўйиб, қайтишига ёрдам бердик.
Айтиш керакки, бу йигитнинг отаси эрта оламдан ўтган, онаси эса узоқ йиллар хасталик сабаб ётиб қолади. Фарзандлар онани парвариш қилишади, даволатади. Аммо оғир дард туфайли у оламдан ўтади. Оиладаги фарзандлар тўнғич ўғил Одил Ҳосилов қарамоғида қолади.
Фозил 2017 йил март ойида ўртоғи билан қўшнисининг ҳовлисидаги газ балонини ўғиргач, кейинчалик бу қилмишининг оқибатини ўйлаб уйдан қочиб кетади.
Равот маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, қишлоқ аҳолиси дараксиз кетган йигит ҳақида ички ишлар бўлимига хабар беришади. Қидирувлар натижасида дараги топилган ўғил ўз оиласига қайтарилди.
Туман ҳокимлиги бу оилани ўз оталиғига олди.
- Фозил туман йўл қурилиши бўлимига ишга жойлаштирилди, - дейди дейди Равот маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойдин Мингбоева. - Ҳомийлар томонидан соғин сигир совға қилинди. Шунингдек бу оила истиқомат қилаётган уйни таъмирлаш ишлари бошланди. Томорқада иссиқхона қурилиши ҳам режалаштирилди.