Адиз Бобоев вилоят ички ишлар бошқармасининг ситуацион марказида бўлди

Ушбу марказ тўлиқ замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлиб, Самарқанд шаҳрида мавжуд видеокузатув камераларининг геоинформацион тизимига тўғридан-тўғри уланган.

Шунингдек, содир этилган жиноятларни очиш мақсадида профилактик ҳисобда турган шахслар тўғрисидаги маълумотлар киритилган.

Марказда вилоят ички ишлар бошқармасининг тегишли соҳавий хизматлари ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган.

Вилоят раҳбарига Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ушбу қарор ижроси доирасида аҳоли гавжум жойларда камералар ўрнатиш юзасидан масъулларга ишларни жадаллаштириш ҳамда аниқланган камчилликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида автотранспорт воситалари 2-3 баробар кўпайиб кетганлиги, бунинг натижасида йўлларда тирбандликлар юзага келаётгани, бу эса экология, йўловчилар хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ мутасаддилари томонидан шаҳар кўчаларида тирбандликнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Адиз Бобоев тақдимот билан танишиб, тирбандлик муаммосини ҳал қилишда энг самарали ечимлардан фойдаланиш зарурлигини билдирди.

Соҳа ходимлари “Рақамли маҳалла” тизими ҳақида ҳам маълумотлар берди. “Хавфсиз шаҳар” ва “Хавфсиз маҳалла” тизимлари каби “Рақамли маҳалла” дастури ҳам ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ҳамда сунъий интеллектнинг юзни таниш, ҳаракат траекториясини белгилаш ва автоматик сигнал бериш каби функцияларининг ишга туширилиши яхши натижа бериши таъкидланди.