На полиция бор, на автомашина: Футбол майдони ҳажмидаги оролда кимлар яшайди?
Санта-Крус-дель-Ислоте оролида 200 та оила истиқомат қилади. Кариб денгизидаги бу 2,4 гектарлик ерда экин етиштириш учун жой, полиция ва замонавий канализация тизими йўқ, бироқ аҳоли зичлиги ҳар квадрат метрга Нью-Йоркдаги Манхеттендан ҳам юқори, дея хабар беради Express нашри.
Дастлаб балиқчилар XIX асрда денгиз яқинида узоқроқ қолиш учун бой денгиз ҳаёти билан ўралган маржон рифининг кичик қисмидаги қуруқликда муваққат уйлар қурган. Кейинчалик Колумбия қирғоқлари яқинидаги энг яхши жойлашувдан мамнун бўлган орол аҳолиси аста-секин футбол майдонидан ҳам кичикроқ ерни доимий яшаш жойига айлантирди.
Ҳозирда Санта-Крус-дель-Ислотеда 200 та оила истиқомат қилади, у ерда яшовчи одамларнинг тахминий сони 1 минггача етади.

Оролга келган блогер Руҳи Ченет шундай дейди:
- Бу ерда ҳар ким хоҳлаган жойида уй қуради. Мабодо ўзига ёққан жойда бўш ер топилмаса, ўз уйини мавжуд биноларнинг устига жойлантиради.
Бу ерда ҳеч қандай оилани режалаштириш йўқ ва ҳар бир қарич ер ўсиб бораётган аҳоли сонига мос равишда қурилган бир-бирига боғланган уйлар билан банд.
Қолаверса, орол деб аталадиган жойда канализация тизими йўқ, шунинг учун чиқиндиларни денгизга ташлашга тўғри келади, электр энергияси ҳам тез-тез узилиб қолади. Бундан ташқари, балиқ овлашдан бошқа қишлоқ хўжалиги имкониятлари йўқлиги сабабли, кўплаб аҳоли қўшни Мукура оролида туризм соҳасида иш излайди.

Озиқ-овқат етиштириш учун жой чекланганлиги сабабли Колумбия флоти ҳудуд аҳолисига ҳар икки-уч ҳафтада бир маротаба озиқ-овқат етказиб беради.
Иш ўринлари ва инфратузилма йўқлигига қарамай, оролда жиноятлар деярли йўқ, полицияга ҳам эҳтиёж йўқ ва бу ердаги одамлар бошқа жойда яшашни исташмайди, — қўшимча қилади Express.
Ҳажмига қарамай, бу ерда мактаб, черков, клиника ва ҳатто меҳмонхона учун етарли жой мавжуд. Бундан ташқари, машиналар ёки мотоцикллар йўқ, чунки оролнинг бир четидан иккинчи четига пиёда бориш учун икки, кўпи билан уч-тўрт дақиқа вақт керак бўлади.
- Мен бу ерда ҳаммани танийман, ҳамма эса мени танийди. Бизда ҳеч қандай жиноят йўқ, одамлар бир-бири билан жуда яхши муносабатда тинч-тотув яшаб келишади, - дейди 42 ёшли маҳаллий фуқаро.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.