Адлия: бир муаммони ечиш билан 4 та масала ҳал бўлди

Вилоятдаги адлия органлари ходимлари жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўриб келмоқда.

Самарқанд тумани адлия ва ФҲДЁ бўлими томонидан маҳаллабай ишлаш давомида Қавчинон маҳалласида яшовчи Г.Воҳидованинг оилавий шароити оғирлиги сабабли икки нафар фарзанди учун туғилганлик гувоҳномаси ололмагани аниқланди. Оқибатда болакайларни мактабгача таълим муассасасига қўйишнинг имкони бўлмаган.

Туман адлия ҳамда ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада 2018 йил ва 2020 йилда туғилган фарзандларининг туғилганлиги расман қайд қилиниб, топширилди. Асосийси, болалар композит хизмати доирасида бир йўла ота-онасининг доимий яшаш манзили ҳамда поликлиникага рўйхатга киритилиб, мактабгача таълим ташкилотига ҳам навбатга қўйилди.
Яъни, ўрганиш давомида бир фуқаронинг 4 та идорага боришига, эшикма-эшик юришига ҳожат қолмади.

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси.