Адлия вазири, вилоят ҳокими, таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳақида китоб

Самарқанд вилояти адлия бошқармасида I даражали давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, таниқли инсон Алишер Мардиев ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги “Муносиб яшамоқ бахти” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Алишер Мардиев мамлакатимиз суд-тизимининг таниқли намояндаси, мустақил Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини, суд, адлия соҳаларини ташкил этиш ва уларнинг давлат, жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган юрист, қонуншуносдир. Шунингдек, у мустақилликнинг дастлабки йилларида бошқарув идораларида самарали фаолият олиб борган давлат арбоби.

Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган китобда Алишер Мардиевнинг мазмунли ва синовли ҳаёти, серқирра фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган. Унда ҳуқуқшуноснинг мамлакатимиз юриспруденсияси тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ноёб архив материаллари ва далиллар асосида очиб берилган.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова, Олий Мажлис Сенати аъзолари Рустам Холмуродов, Фармон Тошев, Самарқанд вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Нозир Ибрагимов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев ва бошқалар китоб ҳақида фикрларини билдириб, Алишер Мардиевнинг ибратли фаолияти ҳақида сўз юритдилар.

Шунингдек, таниқли ҳуқуқшунос олимлар, прокуратура, адлия ва суд тизими фахрийлари,  адиблар, давлат ва жамоат арбоблари Алишер Мардиев ва бу инсон амалга оширган ишлари, тўпламнинг бугунги кундаги маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида А.Мардиевнинг босиб ўтган баракали умр йўли, меҳнат фаолияти ҳақида тайёрланган махсус видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, тадбир қаҳрамони турли йиллардаги иш фаолияти давомида орттирган тажрибаси, билим ва кўникмалари ҳақида йиғилганларга гапириб берди.