Адлия вазирлиги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузган шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди
Адлия органлари 100 мингдан ортиқ фуқаролар ўртасида тест синовлари, аноним ва анкета усулида сўровлар ўтказиб, Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиш аҳволига баҳо берган.
Вазирлик иш берувчилар томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволини қониқарли даражада эмас деб баҳолаган. Масалан:
- Қонунчиликка кўра, 6 кунлик иш ҳафтасида кунлик - 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланган. Иш вақтидан ташқари ишлашга фақат ходимнинг розилиги билан ва камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланган ҳолда йўл қўйилади.
Бироқ, сўров натижалари айрим иш берувчилар томонидан бу талаблар қўпол равишда бузилганлигини кўрсатди. Масалан, иш вақтига риоя қилмаслик, дам олиш ва байрам кунлари ишга чиқишга мажбурлаш ҳолатлари кўпроқ банк-молия (32,1%), таълим (30,5%) ва соғлиқни сақлаш (28,2%) соҳаларида мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудлар мисолида эса ходимнинг иш вақтидан ортиқ ёки дам олиш ва байрам кунлари қўшимча меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кўпроқ Самарқанд (40,5%), Андижон (34,5%) ҳамда Тошкент вилоятларига (32,9%) тўғри келиши қайд этилди.
- Қонунларда ходимнинг розилигисиз унинг вазифасига кирмайдиган ишга жалб этиш тақиқланади.
Бироқ, ходимнинг розилигисиз унинг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатлари ҳанузгача кузатилаётганлиги ташвишлидир. Бу каби ҳолатлар кўп ҳолларда молия (19,3%) ва хўжалик бошқаруви органларида (19,1%) ҳамда таълим тизимида (16,8%) учрашини кузатиш мумкин.
- Қонунчилик талабига асосан, ходимнинг иш ҳақидан олиб қолишга унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Бироқ, иш берувчилар томонидан ходимнинг розилигисиз унинг иш ҳақидан ушлаб қолинаётганлиги ҳолатлари ҳамон давом этаётганлигини ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳам эътирозли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур турдаги қонунбузилишлар кўпинча банкларда (23%), соғлиқни сақлаш (26,3%), молия (23,9%) ва таълим (20%) соҳаларида учрашлигини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, ўтказилган тадбирларда иштирокчиларнинг 16,6 фоизи иш жойида меҳнатни муҳофаза қилиш (хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғини сақлаш) чоралари кўрилмаганлигини таъкидлашган.
Меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлигининг яна бир сабабларидан бири сифатида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича билимлари етарли эмаслигини кўрсатиш мумкин. Жумладан, ўтказилган тест синовлари натижасида кунлик иш вақти нормасини - 32%, ходимни қўшимча ишга жалб қилиш тартиби ва тўлов миқдорини - 32,1%, меҳнат таътилига чиқиш тартибини - 29,1%, ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш тартибини - 29,2%, касаба уюшмаларининг вазифаларини - 32,1% ходимлар билмаслиги маълум бўлди.
Қайд этиш лозимки, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқига тўлиқ риоя этилмаслиги республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин, дейди вазирлик.
Ўз навбатида мазкур ҳолатлар келгусида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишига, ходимлар томонидан ишлар сифатсиз бажарилишига, шунингдек, уларнинг соғлигига жиддий зарар етишига олиб келади.
Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларини аввало қонунларга итоат этишга, қўл остидаги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишга, шунингдек, меҳнат муносабатларини ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида барпо этишга чақирди ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.