Адвокатура фаолияти қачон рақамлаштирилади?
Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Т.Қодиров бу ҳақда Zarnews.uz га маълум қилди.
Президентимизнинг жорий йил 30 майдаги “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, тизим фаолиятида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди. Фуқароларга юридик хизмат кўрсатишда сансалорлик, бюрократия ҳамда қоғозбозликка чек қўйиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорликни интеграциялаш вазифалари шулар жумласидан.
Ҳужжатга мувофиқ, 2023 йилнинг 1 январидан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишнинг амалдаги тартиби сақланган ҳолда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Бу тадбир малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорнинг адвокатлик лицензиясини олиш учун тегишли адлия органига мурожаат қилишига ҳожат қолдирмайди. Яъни, у тегишли ҳужжатни истаган вақтида “Лицензия” ахборот тизими орқали олиши мумкин бўлади. Албатта, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилган ҳолатлар ҳам мазкур ахборот тизимда қайд этиб борилади.
Шунингдек, қарор билан 2023 йилдан бошлаб адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш ЯИДХП орқали амалга оширилиши белгиланди. Бунда адвокатлар малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича хизматларни композит шаклда олиши мумкин бўлади.
Соҳани рақамлаштиришдаги яна бир катта лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Юридик ёрдам” ахборот тизими ҳисобланади. 2023 йилнинг 1 январь санасидан ишга туширилиши белгиланган мазкур тизим доирасида адвокатлар электрон реестри ва шахсий электрон кабинети шакллантирилади. Натижада улар шахсий электрон кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиши, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишонч билдирувчи шахс хоҳишига асосан, масофадан юридик ёрдам кўрсатиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, ягона тизим адвокатура, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш, адвокат сўрови ва бошқа зурур ҳужжатларни электрон шаклда юбориш имконини беради. Тизим фаолиятини бошласа, давлат ҳисобидан ишга жалб этиладиган адвокатлар ҳам электрон тартибда, тасодифий танлаш йўли билан аниқланади.
Қарорга кўра, 2023 йилнинг 1 февралидан “Электрон адвокатлик ордери” амалиёти йўлга қўйилади. Ўз навбатида адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан, унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш сингари талаблар бекор қилинади. Ордер қоғоз шаклда расмийлаштирилган тақдирда, маълумотларни “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритиш мажбурий бўлади.