Афғонистонлик қочоқлар Мозори-Шарифдаги лагерда яшамоқда

«Sputnik Тожикистон» сайти афғонистонлик қочоқлар яшаётган Мозори-Шарифдаги лагер тасвирларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, айни пайтда лагерда «Толибон» ҳаракати ва урушдан қочиб, уйи ҳамда мол-мулкини ташлаб келган тахминан 2000 киши яшамоқда. Қочоқларнинг аксарияти ҳаракат фаолияти кучайган шимолий вилоятлардан келган қариялар, ёлғиз аёллар ва ёш болалардир.

Таъкидланишича, лагердаги битта палатка 4–6 кишига мўлжалланган бўлиб, озиқ-овқат фақат нон, сариёғ ва чойдан иборат. Пулни эса фақат ҳунармандчилик, қўл меҳнати билан ясалган нарсалар ёки тиланчилик орқалигина топиш мумкин.

«Жангарилар ва армия бир-бири билан жанг қилмоқда, аҳоли эса уларнинг ўртасида қолиб, жуда азият чекмоқда», дейди қочоқлардан бири.