Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сув сайёраси ёхуд Афғонистон маъмурларининг Амударёдан Қўштепа каналини қазиётгани қўшни мамлакатлар халқларида хавотир уйғотяпти

Бутун коинот бағрида ҳаёт мавжуд бўлган Ер аслида “Сув сайёраси” деб аталса, тўғри бўлади. Чунки сайёрамизнинг еттидан бир қисминигина қуруқлик ташкил этади. Қолган бўлаги эса батамом сув билан қопланган.

Океанлар, денгиз ва дарёлардаги сув миқдори шунчалик кўпки, унинг аниқ миқдори охиригача аниқланган эмас, бунинг иложи ҳам бўлмаса керак. Аммо парадокс шундан иборатки, бу сувнинг бор-йўғи икки фоизга яқини фойдаланиш учун яроқли чучук сувлар. Қолган 98 қисми океан, денгиз ва кўллардаги минераллашган шўр сувлардан иборат.

Бироқ бандалари учун беҳад меҳрибон эгам Ер сайёраси шакл-шамойилини шундай яратганки, инсонларнинг сувга бўлган эҳтиёжи бекаму-кўст таъминлаб қўйилган. Айтайлик, энг баланд тоғ чўққилари айнан жазирама ўлкаларда жойлашган. Бу ўша жойлардаги шаҳар-қишлоқлар ва экин майдонларини сув билан мўл-кўл таъминлашга шарт-шароит яратади.

Шу жумладан, бизнинг серқуёш ўлкамиз ҳам ўз эҳтиёжи учун зарур бўлган ҳаёт шарбатларини Помир ва Тянь-Шандаги қор ҳамда музликларнинг эриши натижасида ҳосил бўладиган сувлардан олади. Бу тартиб дунё яралгандан бери ўзгаришсиз сақланиб келмоқда.

Аммо илм-фан ва замонавий технологиялар ғоят шиддат билан ривожланаётган давримизда инсон табиат қонунларига ўзича тузатиш киритмоқда ва бунинг гоҳида ширин, гоҳида аччиқ самараларидан тотимоқда. Масалан, инсон зотининг бир авлоди бепоён Мирзачўл, Қизилқум ва Қорақум чўлларини ўзлаштириш эвазига Ўрта Осиёдаги энг йирик Орол денгизини қуритиб қўйди. Инсониятнинг табиат тартибларига қўпол равишда аралашуви оқибатида Ер юзи иқлими илиқлашиб, бу борада янги-янги муаммоларни пайдо қилмоқда. Энди бундан буён одамлар бу ҳақда ўйлашиб, мавжуд сув манбаларидан оқилона фойдаланмаса, келгусида муаммолар йириклашиб, катта нохушликларга айланиб кетиши хатари пайдо бўлмоқда.

Шу маънода Афғонистон маъмурларининг Амударёдан Қўштепа каналини қазиб, сув таъминотини яхшилаш ҳақидаги лойиҳалари Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар халқларида ҳақли хавотир уйғотмоқда. Podrobno.uz интернет сайти маълумотларига кўра, канал узунлиги 285 километр, кенглиги 100 метр, чуқурлиги эса 8,5 метр бўлиши мўлжалланмоқда экан. Каналнинг сув ўтказиш қобилияти бир сонияда 650 куб метр қилиб белгиланган. Лойиҳанинг тахминий қиймати 680 миллион АҚШ долларини ташкил этиши айтилмоқда. Лойиҳачиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу сунъий дарё уч миллион жириб (бир жириб – 2000 квадрат метр) ерни суғориб, қишлоқ хўжалигини ривожлантиради ва 250 минг одамни иш билан таъминлайди. Интернет сайтининг хабар беришича, ҳозирнинг ўзида унинг 40 километрлик қисми ковланиб бўлинган ва иш 2028 йилда якунланиши мўлжалланмоқда.

Албатта, бу ҳолат келгусида қуйи оқимда жойлашган Туркманистон ва Ўзбекистондаги сувдан фойдаланувчи аҳоли учун мушкулликлар пайдо қилиши аниқ. Нега десангиз, ҳозирнинг ўзида Амударё сувининг турли сабабларга кўра камайиши оқибатида Туркманистон, Хоразм ва Қорақалпоғистон сув таъминотида танқислик юзага келмоқда.

Толиблар томонидан идора қилинаётган Афғонистон халқини ўзаро можаро ва низолардан чекиниб, тинч қурилиш ишлари билан шуғулланишни бошлаганининг ўзи биз учун шубҳасиз, яхши хабар. Қолаверса, афғонларнинг ҳам ўлкадаги сув манбаларидан ўз улушларини олиш ҳуқуқларини ҳеч ким инкор қилолмайди. Аммо бунда юқорида ёзганимиздек, ўзаро келишган ҳолда оқилона иш тутиш муҳим аҳамиятга эгалигича қолаверади. Бўз ерларни сув билан таъминлаш борасида Ўрта Осиё республикаларида беқиёс катта тажриба тўпланган. Кейинги йилларда сувни тежайдиган унумли технологияларнинг кириб келаётгани бу борада янги уфқларни очмоқда. Шу маънода, афғонистонликларга ҳам бунақа катта канал балки керак бўлмас. Доно халқимизда: “Кенгашиб бичилган тўн тор келмас”, деган ибратли нақл бор. Бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб келган халқларимиз учун бу борада кенгашиб иш тутишдан ўзга оқилона йўл йўқ. Президентимиз 2022 йил охирларида бу тўғрида толибонлар билан музокара ўтказиб, халқаро ҳамжамиятни огоҳ қилиб қўйиши ҳақида айтганди. Бироқ муаммо шундан иборатки, Афғонистон ислом амирлиги бу борадаги бирор шартнома ёки халқаро қўмита ва комиссияларга аъзо эмас.

Шу йил 22 мартда толиблар вакили мамлакатимиз президентининг ташқи ишлар бўйича вакили Абдулазиз Комилов билан бўлиб ўтган учрашувида Қўштепа канали қурилиши Ўзбекистон томони билан ўзаро тушуниш асосида амалга оширилиши лозим эканлигини билдирди. Вакил Абдул Ғани Бародарнинг фикрича, канал қурилиши икки давлат орасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Давлатимизнинг бу борадаги сиёсати ҳар бир масалани ҳамжиҳатлик ва вазминлик билан ҳал қилиш таомилига асосланади.

Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.