“Афросиёб” меҳмонхонасини 4 юлдузли халқаро стандартга етказиш мажбурияти юкланади

Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” меҳмонхонаси сотувга қўйилибди, Вино комбинат ҳам сотилармиш. Бундан ташқари, вилоятдаги 30 дан ортиқ давлат корхоналари, бозорлар ҳам хусусийлаштирилар эканми?

Бу сўзлар кейинги ҳафталарда энг кўп берилаётган саволлар қаторига чиқди. Савдога қўйилган корхоналар билан танишиш ва улар ҳақидаги маълумотларни қаердан олиш мумкин? Савдолар қай тартибда ўтказилади ва активларни фуқаролар ҳам сотиб олиши мумкинми?

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида ташкил этилган корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда шу каби саволларга ойдинлик киритилди.

Президентимизнинг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан вилоятимиздаги 128 та давлат иштирокидаги корхона ва кўчмас мулк объектлари қамраб олинган. Яъни, 60 та корхонада муайян ислоҳотлар амалга оширилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш ва ривожлантириш, 68 та давлат активларини хусусийлаштириш белгиланган.

Шунингдек, фармон асосида корхоналарга кўмак бериш учун ҳудудий Савдо-саноат палаталарида корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари ташкил этилди. Мазкур клиника Ягона дарча тамойили асосида ташкил этилиб, у ерда Бош вазир қабулхонаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, Тадбиркор аёл, Ҳунармандлар уюшмаси, адлия бошқармаси, Давлат хизматлари маркази, Марказий банк вилоят бош бошқармасидан, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларидан мутахассислар жалб этилган. Клиникада корхоналарни молиявий соғломлаштириш учун маслаҳат хизмати ҳам жорий этилган. Ҳозиргача 60 дан ортиқ тадбиркор ўзларини қийнаётган муаммоли масала юзасидан мурожаат қилди ва мурожаатнинг 40 дан ортиғи ижобий ҳал этилди.

Агар савдога қўйилган давлат активлари аукционда сотилмай қолса, қандай йўл тутилади? Мутахассисларнинг таъкидлашича, соф активи бўйича савдога чиқарилган, қиймати 100 миллион сўмдан ошмаган давлат акция пакетлари уч ой давомида сотилмаганда “1 сўм” бошланғич нархда акция пакетлари “1 та акция - 1 сўмдан битта лот” тамойили асосида қайта савдога чиқарилади.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб Палас” меҳмонхона мажмуаси билан танишди. 280 ўринга мўлжалланган мазкур давлат активи барча кредиторлик қарздорликларини тўлаш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилмоқда.

- “Афросиёб Палас” меҳмонхона мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандарти асосида 27,4 миллиард сўм бошланғич нархда очиқ аукцион савдоларига чиқарилди, - дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Салоҳиддин Жонибеков. – Жорий йил 7 декабрда бўлиб ўтиши белгиланган ушбу меҳмонхонани 4 юлдузли халқаро стандартларга етказиш, 2022 йил 1 январгача 100 та янги иш ўрни яратиш ва олий мартабали меҳмонларга мўлжалланган камида 1 та хона ташкил қилиш бўйича қўшимча мажбуриятлар юкланади. Шунингдек, Юнеско ва Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда меҳмонхонани реконструкция қилиш лозим. Фармон билан харидорга маблағни 3 йил давомида бўлиб тўлаш ва киритган улушга мос равишда дивидент олиш имтиёзи берилди.

Мазкур объектлар тўғрисида давлат активларини бошқариш агентлигининг Davaktiv.uz, E-ijro auksion сайти ва корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасининг 1082 Саll маркази, вилоятда эса (78)2101102, давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг (66) 2337354 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, батафсил маълумот олиш мумкин.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.