Аграр соҳа магистрлари Германияда амалиёт ўтамоқда

- Президентимизнинг талаба ёшлар бандлигини таъминлаш борасида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида филиалимизда мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда олиб борилаётган илмий ва стартап лойиҳаларга 60 дан ортиқ талаба-магистрантларни ишга қабул қилдик, - дейди Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори Шавкат Ҳасанов. - Бугунги кунда филиалнинг 9 нафар магистри Германиядаги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирувчи ва қайта ишловчи етакчи кластерлар ва хўжаликларга иш ҳақи тўланадиган 6 ойлик, 3 ойлик стажировкага юборилган. Стажировкаларни ташкил қилишда республикамизда нисбатан янги тармоқ ҳисобланган ва кадрлар танқислиги мавжуд бўлган доривор экинларни етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда гулчилик соҳаларига эътибор қаратилди.

- Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманиданман,  - дейди филиалнинг 2-босқич магистранти Мирмуҳсин Нуралиев. - Айни вақтда Германияда JD East дастури орқали ташкил этилган 6 ойлик қишлоқ хўжалиги амалиётини ўтамоқдаман. Амалиётни Германиянинг яшил юраги номи билан дунёга машҳур Тюренген бундесландида жойлашган "Fuß Hopfenbau" агрокластерида курсдошларим Ҳаётжон Абдуллаев, Достон Бердимуродов ва Соҳибжон Ниёзов билан биргаликда олиб бормоқдамиз.

Hopfen ёки хмел ўсимлиги - дунёда кам тарқалган кўп йиллик доривор ва техник ўсимлик ҳисобланади. Биз стажировка ўтаётган хўжаликда ушбу ўсимлик 200 гектардан зиёд майдонда етиштирилмоқда. Ўсимлик агротехникаси, яъни экинни парваришлаш, сув тежовчи технологиялар асосида суғориш, касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш, ҳосилни йиғиш, қадоқлаш каби тадбирларни ўрганяпмиз.

- Биз айни дамда олийгоҳимиз томонидан Германия давлатига ҳақ тўланадиган 3 ойлик амалиёт ўташ учун келганмиз, - дейди филиалнинг 1-босқич магистранти Сайёд Сайфиев. - Германиянинг Дусселдорф шаҳридаги гулчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган “Becker Gartenbau Gbr” хўжалигида тажриба ва билимларимизни курсдошим Элёр Нортошев билан биргаликда оширмоқдамиз. Ушбу хўжаликда бугунги кунда юз турдан ортиқ гуллар етиштирилиб, парваришланмоқда. Хўжаликда етиштирилаётган гуллар бутун Европа бўйлаб экспорт қилинади. Айниқса, лаванда етиштириш ва парваришлаш бизда катта қизиқиш уйғотди. Бу экинни етиштиришга европаликлар катта эътибор қаратади. Хўжаликда бу каби ўсимликларни етиштириш билан бир қаторда, унинг маркетинги билан ҳам қизиқиб, гул бозорларини ўрганмоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши белгиланган бўлиб, янги ўқув йилидан филиалда ҳам гулчилик бўйича магистрлар тайёрланиши режалаштирилган.

Хуршида Эрназарова.