“Агрокимёҳимоя” ҲАЖдан ишчиларга тўланмаган 29 миллион сўмлик иш ҳақи ундириб берилди
Меҳнат кодексининг 154-моддаси 1-қисмига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, ушбу кодексининг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Кодекснинг 161-моддаси 1-қисмида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Жойлардаги ўрганишлар айрим ҳолларда ушбу қонун нормаларига амал қилинмаётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, Оқдарё тумани адлия бўлими томонидан “Агрокимёҳимоя” ҲАЖ туман унитар корхонасида Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 март кунги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори талабларига риоя этилишининг аҳволи мониторинг асосида ўрганилди.
Ўрганишда тўпланган ҳужжатларга кўра, “Агрокимёҳимоя” ҲАЖ Оқдарё тумани унитар корхонаси 2020 йил 25 май ҳолатига берилган маълумотга кўра, корхонанинг 10 нафар ишчи-ходимларига жами 29 миллион сўмга яқин иш ҳақидан қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 март кунги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб беришлари белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, туман адлия бўлими томонидан 10 нафар ходимларнинг иш ҳақларини ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судига ариза киритилди. Суднинг буйруғига кўра, туман адлия бўлимининг аризалари қаноатлантирилиб, 10 нафар ходимнинг 29 миллион сўмга яқин иш ҳақлари ундириб берилди.
Маруфжон РЎЗИЕВ,
Оқдарё тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.