Аҳмаджон Мухторов топшириғи билан...

 Паст Дарғом туманига бориб, мухбирлар сулоласи ҳақида суриштирсангиз, аввало, Катта Найманча қишлоғида яшовчи Насриддин бобо ва Ғуломжон Эшқувватовнинг номларини тилга олишади.

Бу бежиз эмас. Раҳматли Насриддин бобо 60 йил давомида жамоатчи мухбир сифатида нафақат “Зарафшон” газетаси, балки Паст Дарғом, Нуробод тумани ва Каттақўрғон шаҳри газеталарига, шунингдек, Ўзбекистон радиосига мақола, хабар, янгиликлар ёзди. Ўғли Ғуломжон ака ҳам ота йўлидан бориб, 15 ёшидан газеталарга кичик мақолалар жўнатиб турди.

- Илк мақолам 1972 йилда «Паст Дарғом ҳақиқати»да, 1973 йилда эса «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасида чоп этилган, - дейди Ғуломжон Эшқувватов. - 1975 йилда ўрта мактабни битиргач, туманимизда ёзги дала юмушлари қилинаётгани билан боғлиқ репортаж ёзиб, “Ленин йўли”га олиб келдим. Коридорда бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторов кўриб: “Сен Паст Дарғомдан - Насриддин Эшқувватовнинг ўғлисан-а”, деди. Муҳаррирнинг салобатидан гапимни йўқотиб, салом беришни ҳам унутиб “Ҳа... ҳа”, дея олдим, холос. “Хабарларингни ўқиб тураман, баракалла. Нечанчи синфда ўқийсан?”, деб сўради. “Мактабни битириб, кеча аттестат олдим”, дедим. “Зўр бўбди-ку, журналистикада ўқишга хоҳишинг борми?”, деди қўлимдан репортаж ёзилган варақни олиб кўз югуртираркан. “Ҳа, мақсадим шу”, дедим. “Ундай бўлса, сенга мендан топшириқ: эртагаёқ Тошкентга бориб, ҳужжатларингни ТошДУга топширасан. Ҳозир эса ходимларнинг хоналарига кириб, суҳбатлашиб тур, сенга йўлланма ёзиб бераман”.

...Шу куни муҳаррир котибаси Аҳмаджон Мухторов имзоси билан Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга киришим учун “Таҳририятимизга Ғ.Эшқувватов каби иқтидорли ёш кадрлар керак”, деган мазмунда йўлланма тутқазди. Хурсандчилигимни сўз билан таърифлаб бўлмасди.  Чунки у пайтлар таҳририят йўлланмаси ўқишга кириш учун яхшигина имконият эди.

Эртаси куни Тошкентга бориш олдидан отам “Бош муҳаррирга миннатдорчилик билдирай”, деди ва бирга “Ленин йўли” редакциясига келдик. Аҳмаджон ака обком партия йиғилишига кетган экан. Котиба ўша кунги газетани қўлимизга тутқазди. Иккинчи саҳифада менинг дала юмушлари ҳақидаги репортажим берилган экан. Катта газетада катта мақолам ва ўзимнинг исм-фамилиямни кўриб шунчалар қувондимки, қанотим бўлса, учиб кетсам...

Шу бўлди-ю, ТошДУга ҳужжат топшириб, журналистика факультетининг сиртқи йўналишида ўқишни бошладим. Паст Дарғом тумани босмахонасида бир муддат ҳарф терувчи бўлиб ишлаб, кейин «Паст Дарғом ҳақиқати» газетасида корректорлик вазифасига ўтдим. Шу вақтда яна йўлим “Ленин йўли”га тушди. Тасодифни қарангки, тақдир мени яна бош муҳаррир билан дуч қилди. Бирозгина ижодий суҳбатдан кейин “Хабаринг бўлса, ўтган йили Жиззах области ташкил этилди. Кўпчилик ҳамкасбларимизни “Жиззах ҳақиқати” ва янги очилган туманлар редакцияларига ишга жўнатдик. Маъқул бўлса, чўл газеталарига ишга жўнатаман”, деди. “Ота-онам билан маслаҳатлашиб кўрай”, деган жавобни айтдим.

Ғуломжон аканинг айтишича, бу таклиф уйдагиларига маъқул тушиб, Аҳмаджон Мухторовнинг иккинчи топшириғи билан Жиззах вилояти Пахтакор туманига бориб, босмахонада иш бошлаган. Кўп ўтмай, қўшни туман - Октябрь (ҳозирги Зафаробод) районидаги «Октябрь ғалабаси» (ҳозирги «Зафар йўлидан») газетаси таҳририятига мухбирликка ишга қабул қилинган. Ушбу таҳририятда оз эмас-кўп эмас, нақд 30 йил мухбир, бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида ишлаган, Зафаробод туман босмахонаси директори вазифасини ҳам бажарган.

- Яхши одамларнинг биргина гапи ҳам ҳаётингни безайди, деганлари рост экан, - дейди Ғуломжон Эшқувватов. – Аҳмаджон аканинг қисқа, аммо йилларга татигулик насиҳати, таклифи ва кўмаги билан ҳаётим журналистика билан боғланди. Элда обрў топдим. Бир неча бор танловлар ғолиби бўлдим, «Ижоддаги қўш қанот», «Тақдир ҳазили» каби китобларим чоп этилди. Бугун нафақадаман, аммо қаламимни қўлдан қўймайман. Ҳар гал ёшлигимни эслаганимда, Аҳмаджон Мухторовни хотирлаб, ҳақига дуо қиламан.

***

Қуйида Ғуломжон Эшқувватовнинг “ён дафтари”да ёзилган журналистлар ҳаёти билан боғлиқ ҳикояларни ўқийсиз.

***

«Уч нуқтадан қутулмоқ керак!»

«Зафар йўлидан» газетаси муҳаррири Шомурод Мавлонов кадр танлашда анча талабчан эди. Таҳририятдаги котиба қиз ишдан кетгач, унинг ўрнига ходим излай бошладик.

Газетанинг ҳамма материали котибанинг ёзув машинкасидан ўтгач, босмахонага теришга берилар, шунинг учун бу вазифага саводли қизлар керак эди. Бир нечта қиз бу вазифага талабгор бўлиб келди. Уларни синаш учун муҳаррир матнни айтиб туриб ёздира бошлади. Қизлардан бири матнни ёзиб бўлгач, муҳаррир менга «Мана шу матнни ўқигин-чи, яхши ёзибдими?» дея узатди.

Мен ёзув машинкасидан чиққан матнни ўқир эканман, барча тиниш белгилари сўз билан ёзилганини, ҳатто «хат боши» ҳам матн давомида ёзиб кетилганини кўриб, бу ҳақда муҳаррирга айтдим.

- Ие, нуқта, тире, уч нуқта, хат боши, деб ёзибдими? Агар бу қизни ишга олсак, эртага ҳаммамиз тиниш белгиларисиз қоладиганга ўхшаймиз. «Уч нуқтадан» тезроқ қутулмоқ керак, деган эди Шомурод ака.

***

Чиқарса ҳам бўлаверади

«Паст Дарғом ҳақиқати» газетасида Суюн ака деган оқсоқол ишларди. Бир куни ёш ходимлардан Тўрақул ва Ғафур унинг қитиғига тегишмоқчи бўлишди. Улар «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Туркистон») газетасида чиққан бир шеърни кўчириб олиб, оқсоқолга юзланади:

- Суюн ака, мана шу шеърни бир кўриб берсангиз?

Оқсоқол қоғозни олиб, бир у қаторини, бир бу қаторини чизди. Ва ниҳоят шеърни кўриб тугатди.

- Қани, нима дейсиз? - Тоқатсизланиб сўрашди шогирдлар.

- Бу шеър умуман тўғри келмайди. Уни шеър қилгунча анча ишлов бериш керак.

- Газетага берсакми, дегандик-да.

- Мутлақо...

Шунда қитмир шогирдлар шеър чоп этилган газетани унга кўрсатиб:

- Ахир, бу шеър республика газетасида чиққан-ку, - дейишди.

Шунда Суюн ака пинагини ҳам бузмай:

-Ўша газетада ҳам сенларга ўхшаган қитмирлар, менга ўхшаган оқсоқоллар ишлайди. Ўзлари келишиб, ҳар қандай шеърни ҳам чиқараверишади-да, - деди бепарво.

Оқсоқолнинг бу гапидан шогирд йигитлар мулзам бўлишди-да, секингина ўз хоналарига чиқиб кетишди

***

«Материал керак эди»

Кабинетда ўтириб ижод қилишга ўрганган газета ходимаси савдо тармоқларидан бирига қўнғироқ қилди. Телефон гўшагини кимдир олди.

- Бу савдо идорасими?

- Ҳа, ким керак эди?

- Бошлиқ борми?

- Йўқ. Мен ўрнидаман. Ким сўраяпти, нима хизмат?

- Таҳририятданман, материал олмоқчи эдим.

- Аёлларбопиданми ё эркакларбопидан?

- Йўқ, тушунмадингиз, газетабопидан.

- ...Унда, узр, бошлиққа учрайсиз.

Ғуломжон ЭШҚУВВАТОВ.