Аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркор ўрни беқиёс
Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги, прокуратура, бандлик бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги 564 корхона ва ташкилот 2758 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Вилоят ҳокими Т.Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д.Қосимов ва бошқалар мазкур меҳнат ярмаркаси банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш ҳамда фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда муқаддам судланиб, судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар 2 минг 239 нафарни, чет элдан қайтиб келганлар 32 минг нафарни ташкил этмоқда. 2016-2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган ва ҳозир иш билан банд бўлмаган 7 минг 604 нафар ёшлар мавжуд.
4024 нафар ишсиз фуқаро жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган ва уларнинг 1393 нафари иш билан таъминланган. 2602 нафар фуқарога ишсизлик мақоми берилган.
– Ҳаётда тўғри йўлдан адашиб, жиноят содир этиб қўйгандим, – дейди Паст Дарғом тумани Беш найман маҳалласида яшовчи Зиёдулла Раҳмонов. – Ҳозир қонунда белгиланган жазони ўтаб бўлдим. Энди ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан. Бугунги ярмарка ушбу мақсадга эришишим учун катта имконият яратди. “Темирқалқон” қурилиш корхонасига ишга жойлашиш учун йўлланма олдим.
Ярмарка доирасида вилоятнинг турли ҳудудларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан газ плитаси ва бошқа маиший техник воситалар совға қилинди.
– Хонадонимизда газ плитаси йўқлиги учун рўзғор юмушларида қийналар эдик, – дейди каттақўрғонлик Нигора Рўзиева. – Энди бу муаммомизга барҳам берилди. Ярмаркада вилоят ҳокимлиги томонидан оиламизга замонавий газ плитаси ва газ баллони берилди. Бундан жуда хурсандмиз. Биз каби эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.
Тадбир доирасида вилоятдаги банкларнинг аҳолига кредит ажратиш ва бизнес фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш юзасидан тақдимотлари ўтказилди. 130 нафардан ортиқ касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва тадбиркорларга банклардан жами 17 миллиард 527 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Иштихон туманиданман, – дейди Самарқанд компьютер технологиялари ва гидромелиорация коллежи ўқувчиси Жаҳонгир Эшназаров. – Бу йил коллежни битириб, туманимиз марказида компьютер хизматлари бўйича сервис шохобчаси очмоқчиман. Бунинг учун бизнес-режа ҳам ишлаб чиққанман. Бугунги ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Самарқанд филиалидан 13 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширишди. Бу маблағ тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишим учун катта туртки бўлади.
Ярмарка давомида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 780 нафар ишсиз фуқаро ўзига муносиб ишга жойлашиш учун йўлланма олди.
Ўз мухбиримиз.