Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати таҳлил қилинди
Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмасида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси ҳамда аҳолига O'zLiDeP дастурий мақсад ва вазифаларини таништириш мақсадида бирлашма шифокор ва ҳамширалари иштирокида жамоатчилик назорат тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Абдиев, O'zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Илҳом Ботиров иштирок этиб, тиббиёт соҳаси бўйича янги қабул қилинаётган қонунлар, Президент Фармон ва қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтирди.
Шунингдек, аҳолига тиббий хизматлар ҳолати ва бу борадаги ислоҳотлар натижаси бирлашма мисолида таҳлил қилинди.
Бугунги кунда Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмаси 270 минг аҳолига стационар шароитида фаолият кўрсатиб келмоқда. Шошилинч, режали жаррохлик, туғруқ, гинекология, болалар, анестезиология ва реанимация, юқумли касалликлар, кардиология, неврология, эндокринология, терапия ва 62 та ўринга эга бўлган реабилитация бўлимлари аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Туманда бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 4 та оилавий поликлиникалар ва 8 та оилавий шифокорлик пунктлари тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича 2023 йил давомида 88 нафар ходим малакаси оширган бўлиб, соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон поликлиника (MedHub) тизимини жорий қилиш бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан керакли жиҳозлар харид қилинган, барча муассасаларга юқори тезликдаги интернет алоқаси ўтказилган. Кўп тармоқли марказий поликиника ва оилавий поликлиникаларда (MedHub) тизими орқали шифокорлар қабулига электрон навбатда туриш тизими жорий қилинган.
Таҳлил тадбирида депутатга мазкур шифохонанинг малакали врачлари томонидан таклифлар келиб тушди. Жумладан, шифохона бош ҳамшираси, “Мотурид” оилавий шифокорлик пункти мудири тумандаги оилавий поликлиникаларда шифокор ва ҳамшираларни кўпайтириш айнан болаларни эмлаш, муолажа жараёнларида ҳамшираларга эҳтиёж борлигини айтиб амалий ёрдам сўради. Тиббиёт бирлашмаси бош врачининг оналар ва болалар бўйича ўринбосари Гулнора Юсупова мактабгача таълим ва хусусий боғчалар ҳамшираларини назоратга олиш бўйича аниқ тизимни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди. Депутат Ғ.Абдиев бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бу масалаларга алоқадор тизимлар раҳбарлари билан биргаликда ечим излашини билдирди.
Насиба Мўминова.