Академик бўлиш учун нима қилиш керак?
Олимнинг айтишича, ўқувчилик пайтларида мактабида фанлар бўйича дарсликлар етишмаган. Шундай бўлса-да, болалар китоб йўқ, деб илм олишдан тўхтамаган, ўқувчилар бир дарсликни навбат билан алмашиб, ҳатто талашиб ўқиган.
– Мен ҳам бир пайтлар худди сиздай ўқувчи бўлганман, шундай парталарда ўтириб, таълим олганман, – деди академик. – Аммо бизда сизда бор имкониятлар йўқ эди. Ўқув хоналаримиз кўримсизгина, фанлар бўйича кўргазмали қуроллар йўқ эди, бугунгидай замонавий технологиялар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Сизларга ҳавасим келади. Чунки сизларнинг ўқиб-ўрганишингиз учун барча имконият бор. Фақат ундан унумли фойдалана билиш зарур.
Учрашув давомида С.Лақаев ёшларнинг "Математика фанига қизиқишингизга ким ёки нима сабаб бўлган?", "Биринчи устозингиз ким?" каби саволларига жавоб берди. Олим ўқувчиларнинг "Академик бўлиш учун нима қилиш керак?" деган саволига "Академик бўлиш учун аввало, ўзи қизиққан соҳани танлаб, шу йўналишда кўп китоб ўқиш, ўз устида ишлаш, доимо ўрганиш, изланишда бўлиш, тинимсиз меҳнат қилиш зарур", дея жавоб берди.