Академиклик – инновацион тараққиётга ҳисса қўшиш масъулияти

Учрашувда у киши илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техник, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатимизнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига жавоб бермаётгани, Ватанимиз илм-фани рақобатбардошлигини ошириш ва уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари хусусида куйинчаклик билан гапирган эди.
Кўп ўтмай "Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Қарори имзоланди. Шунингдек, мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим, академик илмни ривожлантиришга доир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди.
Юртбошимизнинг 2017 йил якунланиш арафасида имзолаган "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонлари иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш, тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Президентимиз фармонига мувофиқ физика-математика фанлари бўйича ЎзФАнинг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқландим. Бу замонавий математик-физика соҳасида илмий мактаб яратиб, икки нафар фан доктори, 15 нафар фалсафа докторлари (фан номзодлари) тайёрлаганим, илмий изланишларимнинг дунё миқёсидаги эътирофи, қолаверса, Самарқанд олимлари меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлди.
Ўз навбатида, мазкур рағбат зиммамга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга хизмат қиладиган, иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида инновацион жараёнларни жадаллаштиришга ҳисса қўшишим учун катта масъулият юклади.
Фаолият йўналишларим доирасида 2018 йилга мўлжалланган "Йўл хариталари"га доир таклифлар ишлаб чиқдим. Илмий-инновацион соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, замонавий илм-фан ютуқларини оммалаштириш бўйича мақсадли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олдим.
Жумладан, 2018 йил Самарқандда функционал анализ ва замонавий математик физиканинг долзарб масалаларига доир халқаро конференция ташкил этишни, мазкур соҳада беш нафар фалсафа доктори тайёрлашни, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида инновация ва технологиялар борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланган учрашувлар ташкил этишни режалаштирдим.
Жорий йил Бразилияда бўлиб ўтадиган дунё математик олимларининг конгрессида мамлакатимиз математиклари эришаётган ютуқлар, амалга ошираётган фундаментал тадқиқотлар ҳақида маъруза қилиб, халқаро илмий жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ниятидаман.
Саидаҳмат ЛАҚАЕВ,
Ўзбекистон
Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси.