Ал-Хоразмий ворислари академик билан учрашди

Самарқанд шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиларининг Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Жўрақул Сатторов билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Олим сўзи аввалида ихтисослашган мактабларда ўқувчиларнинг яратувчанлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дарслар ташкил этиш, ўқувчиларга амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга жорий этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. 

- Фанлар академияси тизимида фаолият юритаётган лабораториялар фаолияти билан ўқувчиларни доимий равишда таништириб бориш лозим, - деди академик олим Ж.Сатторов. – Академия бўлимларида олиб борилаётган илмий изланиш билан ихтисослашган мактабларнинг юқори синф ўқувчиларини таништириш, уларнинг инновацион ғоя ва ишланмаларини ривожлантириш, рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Тизимдаги олимлар бу борада ушбу мактаблар билан ҳамкорликка доим тайёр. Бу муассасаларда ташкил этилган “Ёш академиклар” тўгараклари фаолиятини шу тариқа жонлантириш лозим. 

Таъкидлаш ўринли, Жўрақул Сатторов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ  хўжалиги ходими, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг хақиқий аъзоси, Нью-Йорк Фанлари Академияси ва Халқаро Информатика  академияси аъзоси, 1987-2000 йилларда Ўзбекистон Тупроқшунослар ва агрохимиклар жамияти президенти сифатида фаолият олиб борган. 

Фарангиз Худоёрова, мактаб-интернат маслаҳатчиси.