Аламзадалик қаердан пайдо бўлади?

Алам сўзи ҳозирда кўпроқ руҳий азобланиш, қийналиш мазмунида ишлатилади. «Алам қилсин!» деганда кимгадир азоб берганимиз билан ғурурланамиз. «Алам қилганда, энди қайтараяпти…» деганда, бировга ножўя гапирганимизни оқлаб, яна уни гуноҳкор қилмоқчи бўламиз.
Қачондир, қайсидир адолатсиз ҳаракатдан юракда пайдо бўлган алам, агар даволанмаса, аламзадаликка айланади. Аламзадалик эса, ҳаётий тажрибамда кўраяпманки, тузаладиган иллатга ўхшамайди. Мабодо унга ҳасад ва қасд қўшилса, одамлар ўртасидаги кўп йиллик низога айланади. Буни дунё миқёсида давлатлар, халқлар ўртасида ҳамон давом этиб келаётган низо ва урушлардан ҳам билса бўлади. Шу сабабли халқимизда «қайтар дунё» деган нақл бор.
Алам бор нарса, унинг сабаби ҳам аниқ – адолатсизлик. Ҳатто ғашга тегишдан бошланадиган оддий ҳаракат ҳам жабрланувчида алам пайдо қилиши мумкин. «Сезувчи ва зарарсиз нарсаларга алам етказишдан лаззат олувчи ҳар бир кишидан Худо ўч олсин» деб ёзган Абу Райҳон Беруний.
Бу бежиз айтилмаган. Чунки алам инсон вужудида қасд олиш туйғусини ҳосил қилади. Аламзада инсонга жамият манфаати ҳеч гап эмас: у фақат ўзига озор етказган кишидан ўч олиш пайида бўлади, инсоннинг яхши ишлари ҳам ёмон кўринаверади, у бошқариб турган ташкилотни ҳам душман ўрнида билади.
Алам аслида мансабдан ёки мавқедан фойдаланиб, кимгадир озор етказишдан бошланади. Бугун идораларга тушаётган шикоятлар, ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларни ўрганган ҳар бир киши буни англаши қийин эмас. Шу сабабли давлатимиз раҳбари тўрачиликнинг манбаи ҳисобланган инсон омилини камайтириш чораларини кўрмоқда.
Баъзан раҳбарлар ўз ходимига, мавқелилар эса ўзидан кичик ёки ожизларга билиб-билмай ё атайин озор етказганда шу ишининг гуноҳлигини англаб етмайди, «кўзини очиб қўяман» деб ўйлайди. Дилдаги ана шу озор бориб-бориб аламга айланади. Бояқиш жабрдийда шикоят қилса, дардини эшитиш ўрнига баъзан уни «ёзувчи» деб ёмон кўрамиз. Аламзадалик туфайли у чиндан ҳам кўзига ёмон кўринган барча ҳолатни ёзаверади. Унда нафақат ўзини ишсиз, моддий ёрдамсиз қолдирган раҳбарга, балки жамиятга нисбатан ҳам ишонч йўқолади. Марҳамат, агар ишонмасангиз, ҳар ойда ўнлаб идораларга турли мавзуда шикоят ёзаётган «ўжар» шахс тақдирини ўрганинг, у билан дилдан бир суҳбатлашинг, ўзингиз бунга ишонч ҳосил қиласиз.
Аламзадаликнинг яна бир нозик манбаси бор. Бу ҳолат манфаат билан боғлиқ. Гап қайсидир сабаб билан мансабидан кетган, доимо келиб турган даромадидан ажралган кишилар устида бормоқда. Бундай тоифадагиларнинг баъзилари эсон-омон пенсияга чиққанига шукр қилиш ўрнига ўзларини аламзада кўрсатишга интилади. Бу ҳолатга вақти келиб мен ҳам, ушбуни ўқиётган сиз ҳам тушишингиз мумкин. Фақат бу ҳолатга ҳар ким ўз савияси даражасида қарайди.
Барчамиз сезяпмиз, аламзадалик оилавий низоларга кўпроқ сабаб бўлаётир. Эр-хотиннинг рашки, бир-бирига ишончсизлиги хонадонда нотинч муҳит яратмоқда. Бундай жанжалларга оиланинг бошқа аъзоларининг қўшилиши эса аламзадаликни катта қозонда қайнатиб юборяпти. Қўшни ака-уканинг, ота-боланинг, ҳатто опа-сингилларнинг битта муроса билан битадиган муаммоси уларнинг бир-бирига алами учун йиллар давомида ўнлаб идораларнинг ўрганиш объектига айланиб қолган.
Ҳаммасидан ёмони ҳасаднинг аламга айлангани. Ўзининг қўлидан иш келмаган айрим кимсалар меҳнати туфайли нимагадир эришган қўшниси, маҳалладоши устидан ёзгани-ёзган. Тағин ўзининг ёнини олмаганларни ҳам ёмон кўради, ўзини адолатпеша қилиб кўрсатади.
Хўш, бировга алам қиладиган даражада озор етказмаслик, ҳолатни аламзадаликкача олиб бормасликнинг иложи борми?
Албатта, бу саволга турлича жавоб бўлиши табиий. Муҳими, ана шу саволни ҳар ким ўзига доимо эслатиб туришида. Менимча, раҳбар киши ўз ходимларига муносабатда адолат ва ошкоралик тамойилларига риоя этиши, ота-она фарзандларига меҳр-оқибат, маслаҳат барча низоларга барҳам бериши тўғрисида айтиб туриши зарур. Умуман жамиятдаги очиқлик ва ошкоралик ҳар қандай одил инсондан ҳам кўпроқ самара беради, деб ўйлайман.
Билиб-билмай кимгадир озор етказиб қўйсак, вақт топиб, самимият билан унинг кўнглидан ўша аламни чиқаришга уринайлик. Ҳаракат ёки сўзимиздан аламли одам шундай муносабатни ўзимизга ҳам қўллашини унутмайлик. Бировга озор беришдан, аламли бўлишдан барчамизни Яратганнинг ўзи асрасин.
Фармон ТОШЕВ.