Алифбони ислоҳ қилиш – давр талаби

2017 йилда лотин ёзуви асосида ўз алифбосини яратиб, 2025 йилгача тўлиқ ўтишни режалаштираётган қозоқ қардошларимиз яқинда бутун Қозоғистон бўйлаб янги алифбода диктант ёзиш тадбирини ўтказишди. Диктант ёзишда аҳолининг барча қатламлари, ҳатто вазирлар ҳам катта мамнуният билан иштирок этишди. Қирғиз қардошларимиз ҳам ўз алифболарини лотинга ўзгартириш бўйича тайёргарлик ишларини олиб боряптилар.

Фақат биз 1993 йил олий органимиз томонидан тасдиқланган, 1995 йилда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, ўрта умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, ҳатто олий таълим муассасаларида таълим-тарбия берилаётган, иш қоғозлари юритилаётган, таълим тизимига доир барча ўқув адабиётлари тўлиқ ўтказилган, илмий, бадиий адабиётларнинг маълум қисми нашр этилаётган янги ўзбек алифбосига нима учун тўлиқ ўта олмаяпмиз? Албатта, бунинг бир нечта сабаблари бор. Мамлакатимиз, жамиятимиз тараққиётини, келажагимиз бўлган ёшларимиз эришаётган муваффақиятларни тан олмаётгандек туюлаётган айрим кишилар биринчи ва асосий сабаб қилиб йигирма йилдан ортиқ муддатдан буён амалда бўлган янги ўзбек алифбосидаги айрим ноқисликларни рўкач қилиб кўрсатмоқдалар ва шу баҳонада лотин алифбоси умуман яроқсиз, мамлакатни саводсиз қилади, деган ўта асоссиз даъволарни билдирмоқдалар. Дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон мамлакатлари ва уларнинг давлат тилларига мос келаётган лотин ёзуви нима учун туркий тиллар оиласига мансуб ўзбек тилига мос келмас экан?!

Тўғриси, алифбода айб ҳам, муаммо ҳам йўқ. Айб ҳам, муаммо ҳам ўзимизда. Ахир бу алифбо кашф этилганига неча минг йил бўлган. Бугунги кунда тараққий этган етмиш мамлакатда дунё аҳолисининг ўттиз фоизи шу ёзув асосидаги ўз алифболарини яратган. Янги алифбомиз ёшларимизга ва бизнинг тилимизни ўрганишга бел боғлаган чет элликларга ахборот технологияларидан фойдаланишда қулайлиги билан барчага қўл келмоқда. Аммо алифбо таркибидаги айрим нуқсонларга келсак, уларни деб янги алифбодан воз кечиш эмас, нуқсонларни бартараф этиш йўлларини қидириш керак. Айримлар мақтаётган, воз кечишни истамаётган кирилл алифбосида нуқсонлар бўлмаганда эди, ундан воз кечилиб, янги алифбога ўтиш тўғрисида гап-сўз ҳам бўлмас, қонунлар ҳам, давлат дастурлари ҳам қабул қилинмас эди.

Янги алифбога қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, имло қоидаларини мукаммаллаштириш борасида баҳсларда маълум бир тўхтамга келинмаётгани нафақат она тили ва адабиёт ўқитувчиларини, балки таълим тизимида фаолият олиб бораётган устоз ва мураббийларни, умуман, барча зиёлиларни ўйлантирмоқда. Жорий этилаётган янги алифбони қатъий бир тартибга келтириб, имло қоидаларини такомиллаштирмас эканмиз, саводхонлигимизнинг юқори даражада бўлиши учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг самараси ҳам кўнгилдагидек бўлиши қийин. Қуйида янги алифбомизнинг мукаммал бўлиши ва имло қоидаларимизнинг такомиллаштирилишига доир бир қатор таклифларимизни муштарийларимиз ва муҳтарам мутахассисларимиз эътиборига ҳавола этамиз. Амалга татбиқ этилаётган янги алифбо биз учун мутлақо янги алифбо эмас. Чунки бу алифбодан халқимиз 1929 йилдан 1940 йил сентабрь ойигача ўн йилдан ортиқ фойдаланган. Ўша алифбонинг таркиби қуйидагича эди: Aa(о), Bb, Cс(че), Çç(дж), Dd, Ee(э), Әә(а), Ff, Gg, Ƣƣ(ғе), Hh, Ii, Jj(й), Kk, Ll, Mm, Nn, Ŋŋ(нг), Oo(ў), Pр, Qq, Rr, Ss, Şş(ш), Tt, Uu, Vv, Xx, Z z, Ƶ ƶ(ж). 1940 йилгача истеъмолда бўлган мазкур алифбода 30 ҳарф бўлиб, уларнинг олтитаси унли: Аа(о), Ee(э), Әә(а), Ii(и), Оо(ў), Uu (у) ва қолган 24 таси ундош товушларни ифодалаш учун хизмат қилган. Бу алифбодаги 10 та ҳарф ҳозир қўлланилаётган ҳарфларимиздан шакл жиҳатдан бир оз фарқ қилади. Булар қуйидагилар: Аа(о), Cс(че), Çç(дж-жўжа), Әә(а), Ƣƣ(ғе), Жж(й), Ŋŋ(нг), Оо(ў), Şş(ш), Ƶ ƶ(ж-журнал). Лотин ёзувига асосланган мазкур алифбодан 1940 йил май ойида қабул қилинган қонунга биноан бор-йўғи уч ой ичида кирилл ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтиб кетилган.

1993 йил 2 сентабрда қабул қилиниб, 1995 йил 5 майда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ва ҳозирда қўлланишда бўлган янги алифбомизда 26 ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси мавжуд: Aa, Bb, Dd, Ee, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Kk, Ll, Mm, Nn, Oo, Pp, Qq, Rr, Ss, Tt, Uu, Vv, Xx, Yy, Zz, O‘o‘, G‘g‘, SHsh, CHch, NGng. Ушбу алифбодаги охирги 2 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасига ўзгартириш киритиш бўйича баҳс-мунозаралар матбуот саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда давом этмоқда. Биз ҳам ушбу ҳарфлар бирикмаси ўрнига қуйидаги ҳарфлар шаклларини тавсия этамиз: Ōō(ў), Ĝĝ(ғ), Ŝŝ(ш), Ĉĉ(ч), Ñň(нг) ёки Ōō(ў), Ĝĝ(ғ), Şş, Çç, Ŋ(нг) тарзида. Шунингдек, 1993 йил алифбо сирасига киритилиб, 1995 йил чиқариб ташланган Cc(ц), Ɉɉ (ɉмужда, гижда) ҳарфлари ҳам алифбога яна қайтар илса, бошқа тиллардан ўзлашган жуда кўплаб байналмилал сўзларни аслига яқин ёзиш, тўғри талаффуз қилиш, имлосини ўрганиш осонлашарди ва ана шунда алифбомизда жами 29 та эмас, 31 та ҳарф мавжуд бўлар эди. Алифбода иккита ҳарфнинг ортиқчалиги ёки камлиги унчалик катта қийинчилик туғдирмайди. Ахир 20 мингга яқин иероглиф билан японлар, 50 мингга яқин иероглиф билан хитойликлар дунёнинг илғор илм-фанини эгаллабгина қолмасдан, замонавий электротехника ва бошқа кўплаб соҳаларда бошқалардан анчагина ўзиб кетишларига неча минг йиллик тарихга эга мураккаб ёзувлари халақит бераётгани йўқ.

Фикримизни янги алифбомизга Nn ва Gg ҳарфлари билан бир қаторда, ўзбек тилининг ўзига хос бурун тувушини ифодаловчи NG ng ҳарфлар бирикмасининг “адашиб” кириб қолганлиги ҳақидаги мулоҳазалар билан давом эттирсак. Ёзувда сўзлар таркибидаги ng ҳарфлар бирикмасини ҳар иккаласи мустақил ҳолда, алоҳида [n] ва [g] ундош товушларини ифодаловчи n ва g ҳарфларидан фарқлашнинг имкони йўқ. Чунки улар шакл жиҳатидан бир хилдир. Масалан, қуйидаги сўзларда маъно фарқлаш учун хизмат қиладиган нг ҳарфлар бирикмаси билан ёзиладиган бурун товушли сўзларни н ва г ҳарфлари билан алоҳида ёзиладиган сўзларни тўғри талаффуз этиш учун уларни бир-биридан фарқлашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Марҳамат, фарқланг: tanga (майда, чақа пул), tanga (танага, гавдага), ko‘ngil (юрак, дил, қалб) , ko‘ngil (рози бўл), tongin (тонг пайтини), tongin (инкор эт), singil (қиз қариндош), singil (синиб кетгин), to‘ngimoq (совқотмоқ, музламоқ) tungi (тун пайтидаги), o‘ngimoq (ранги ўчмоқ, эскирмоқ), o‘ngi (ўнг тарафидаги), engil (уст-бош), engil (пастга, қуйига туш) ва ҳоказо каби. Тилимизда бундай сўзлар кўп. Уларда ng бурун товушини ифодаловчи ҳарфлар бирикмаси ҳамда n ва g ҳарфлари ёзувда бир хил шаклларда бериладики, уларнинг қайси бирида ng ҳарфлар бирикмаси, қайси бирида эса ҳар бири бир мустақил ундош товуш ифодаловчи алоҳида ҳарфлар эканлигини фарқлаб бўлмайди, шакл жиҳатидан фарқланмаса, талаффузда қандай фарқлаш мумкин? Ваҳоланки, нутқимизда улар яққол фарқланади ва шунга қараб ўз ўрнида қўллайверамиз. Афсуски, буни фарқлай олмайдиган ўқувчилар, талабаларгина эмас, айрим телерадио бошловчилари, сухандон ва журналистлар ҳам [ng] бурун товушини алоҳида [n] ва [g] ундош товушлари каби қўпол урғу билан ((akan-giz, maqsadin-giz, istagin-giz ва ҳоказо тарзда бўғинлаб) нотўғри талаффуз қилишмоқда. Агар [ng] бурун товушини ифодаловчи алоҳида Ŋ ҳарфи олинса, бу муаммо ўз-ўзидан бартараф бўлар эди.

Алифбомиз ва имло қоидаларимизни мукаммаллаштириб, камчиликларини тўғрилаб олсак, биринчи галда тилимиз тараққиётига йўл очамиз, қолаверса, ёшларимизнинг, бутун халқимизнинг саводхон бўлишига эришамиз.  

Мардон БОЛТАЕВ,

СамДУ доценти.