Алимент тўлашдан қочиб юрган пайариқлик ота қўлга олинди

Ҳар қандай шароитда ҳам алимент тўловлари отадан ундирилади, гарчи у жавобгарликдан қочиб юрган бўлса ҳам.
Мажбурий ижро бюросининг Пайариқ тумани бўлимида юритилган иш юзасидан, Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг қарорига асосан, қарздор М.Ж.дан ундирувчи Б.М. фойдасига фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати келиб тушган.

Маълум бўлишича, қарздор ота узоқ вақтдан бери алимент тўловларини тўламаганлиги сабабли қарзи 53 миллион сўмдан ошган. Бундан ташқари, у номаълум жойда яшириниб юрган. Шу боис бошқарманинг қидирув шўъбаси томонидан унга нисбатан қидирув чоралари кўрилди.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида, қидирувдаги шахс қўлга олинди ва кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун давлат ижрочисига топширилди.
Қидирувдаги шахс ўз фарзанди таъминотидан бош тортиб, қонунга хилоф равишда ҳаракат қилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-1-моддасига асосан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.