Алишер Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асари нима ҳақда сўзлайди?

Яқинда мен Алишер Навоийнинг тарихий асари «Тарихи анбиё ва ҳукамо» (Пайғамбарлар ва олимлар)ни яна бир бор қайта ўқидим. Ушбу китоб 1993 йилда Самарқандда «Зарафшон» нашриётида нашр қилинган. Аммо негадир маънавий-адабий ҳаётимизда катта воқеа бўлган ушбу нашр ҳақида ҳозиргача матбуотда билдирилган бирорта муносабатни ўқимадим. Китоб эса у ҳақда батафсил гапириб беришга арзийди. Гап шундаки, ушбу асарни ўзбек адабий тилига навоийшунос олимлар Ботирхон Валихўжаев ва Қобилжон Тоҳиров ўгирган. Кириш сўзи муаллифлари ҳам уларнинг ўзлари.

XV асрнинг буюк мутафаккири Алишер Навоий нафақат шеъриятда ижод қилди, балки халқлар тарихи, динлар билимдони ҳам эди. Етук шеърий асарлари билан бир қаторда унинг ижодида «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Тарихи мулки Ажам» - «Араб бўлмаган мусулмон мамлакатлари тарихи» каби китоблари салмоқли аҳамият касб этади. Бу икки асар «Зубдат ут-таворих» - «Тарих таҳлили» номи остида битта китоб қилинган.

Китоб икки бўлимдан иборат. Биринчиси пайғамбарлар тарихи ҳақида – «Тарихи анбиё» ва «Хукамо зикри» («Олимлар ҳақида маълумотлар»). Буларни Ер юзида ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақида ўзига хос диний талқинлар дейиш мумкин. Улар Ер юзида биринчи яшовчилар Одам ато ва Момо Ҳаво ҳақидаги ҳикоялардан бошланади.

Биринчи бўлимда унча катта бўлмаган ҳажмда дунёнинг уч дини – иудаизм, насронийлик ва ислом пайғамбарлари ҳақида қимматли тарихий биографик мазмундаги маълумотлар берилади. Пайғамбарлар мусулмонча талқинда берилган, яъни Моисей – Мусо, Исус – Исо, Саломон – Сулаймон ва ҳ.к.

Китобнинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, Алишер Навоий барча динлар пайғамбарларига бирдек ҳурмат ва эҳтиромда бўлган. Масалан, «Довуд бинни Ишо» - «Довуд Ишонинг ўғли» ҳикоясида Довуд пайғамбар даврида Бани Исроилда (яҳудийлар ўртасида) ўлат тарқалгани ва бу офатдан одамлар ўлгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ана шу пайтда у (Довуд пайғамбар) ва унинг маслакдошлари Байтул Муқаддас (Қуддус) шаҳрида тепаликка кўтарилишади ва бош кийимисиз ўлатни тўхтатишни сўраб Аллоҳга ёлворишади. «Бош кийимсиз ибодат» далилининг ўзи шоирнинг бошқа дин ва унинг пайғамбарига ҳурматини билдиради.

Насроний дини пайғамбари Иисус ҳақида Алишер Навоий шундай ёзади: « Исо таълимотидан бири Аллоҳ – Худонинг битталиги ва унинг билан инсоннинг муштараклигидир. Айнан у маълум вақтдан кейин янги, сўнгги пайғамбар Муҳаммад пайдо бўлишини олдиндан хабар қилганди. Яратганнинг сўзи: «Ва Марямнинг ўғли Исо айтади: «Эй, Бани Исроил, мен Худонинг садоқатли пайғамбариман, менинг қўлимда «Таврот» бор ва унда мендан кейин Аҳмад исмли пайғамбар келиши айтилган». Муқаддас Қуръон бунга гувоҳлик беради, деб ёзади Алишер Навоий. Муқаддас Исо ердаги неъматлардан фойдаланмаган. Унинг устида чопон, қўлида битта таёғи бўлган холос. Доимий яшаш жойига эга бўлмаган, ҳамма вақт кезиб юрган. Егулик топиш, кундалик зарур нарсаларга эга бўлиш ҳақида қайғурмаган. Дуч келган таомни тановул қилиб, қаноатланиб кетаверган. Пиёда юриш машаққатидан халос бўлиши учун унга эшакда юришни таклиф қилишганда у рад этган. Унга доимо бир жойда яшашни таклиф этишганда, яна рад қилган. У бўйдоқ ҳаёт кечириш эътиқоди билан шуҳрат қозонган. Унинг кўрсатган мўъжизасидан бири – кўршапалак яратгани ҳисобланади. У унинг шакл-шамойилини лойдан яратган ва нафасидан унга жон кирган. Китобнинг иккинчи бўлими «Хукамо зикри» - «Олимлар ҳақида маълумотлар» деб аталади. Унда митти ҳикоялар тарзида Жолинус – Галеж, Фишогуре – Пифагор, Батлимус – Птоломей, Жомосп, Балинос – Плиний, Афлотун – Платон, Суқрот – Сократ, Аристоталис – Аристотель каби қадимги дунё олимлари ҳақида маълумотлар келтирилади.

Ушбу китобни ўқиш, ўқув масалаларида Навоий ижоди ўрганилаётганда ўқувчиларга мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш уларда диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллашда катта ёрдам беради.

Салим ХИДИРНАЗАРОВ,

филология фанлари номзоди, доцент.