Америкада яшаётган юртдошимиз Сизни тил байрами билан қутлади
Ўн йилдан буён Нью-Йоркда яшайман. Ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистондаги янгиликларни кузатиб бораман. Қўшработда туғилиб ўсиб, Самарқанд давлат чет тиллар институтида таҳсил олганман.
5-синфгача болаларга таълим-тарбия берадиган мактабда (Elementary school) ўқитувчи ёрдамчиси (teacher aide) бўлиб ишлаяпман. Америкада кундан-кунга ўзбеклар сафи кенгайиб боряпти. Яқинда келган, фарзандларини мактабга жойлаштираётган ўзбек ота-оналарга таржимонлик қиламан.
Нью-Йоркдаги мактабда ўқийдиган фарзандларим билан уйда фақат ўзбек тилида гаплашишга келишиб олганмиз. Акс ҳолда болаларим она тилимизни унутиб қўйиши мумкин.
Zarnews.uz ни оиламиз билан мунтазам кузатиб борамиз. Ундаги ҳар бир хабарни ўқиб, Ватан соғинчи, она тилимизга бўлган меҳрни ҳис этамиз.
Айниқса, кейинги кунларда ушбу сайтда ўзбек тилига оид берилган мақолаларни ўқиб завқландим. Нью-Йоркнинг ошхона ёки савдо дўконлари номларида ўзбекча сўзларга кўзим тушса, қалбимдан алланечук ҳислар ўтади. Ўзбекистонни, Самарқандни соғинаман.
Ушбу сайт орқали барча ватандошларимни “Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан табриклайман!
Марҳабо ШОДМОНОВА,
Нью-Йорк.