Амир Темур аркида археологик қазишма ишлари бошланади
Жорий йилнинг февраль ойида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев зиёлилар ва тарихчи-олимлар билан учрашувда Самарқанд тарихини ўрганиш, Амир Темур саройининг жойлашиш ўрнини комплекс тадқиқ қилиш, тарихий объектларни илмий ўрганиш ва реставрация қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.
Самарқанднинг тарихи, маданияти, меъморий ва археологик ёдгорликларини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида илмий жамоатчилик кенгаши тузилиб, кенгаш аъзолари билан ҳамкорликда йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, тарихчи-олимлардан иборат бир неча йўналишда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари асосида Самарқанднинг тарихи, маданиятига оид бир қатор муаммоларни ҳал этиш, тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган. Жумладан, Самарқанд археология институти олимлари томонидан Кўксарой майдонида археологик қазишма ишлари олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, вилоят ҳокимлиги томонидан 600 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.
Маълумки, Амир Темур Самарқандни ўз салтанатининг пойтахти этиб эълон қилгач, шаҳарда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Хусусан, 1371-1372 йилларда шаҳарнинг ғарбий қисмида 34 гектар майдонни ўз ичига олган, тўрт қаватли Арки олия бунёд этилади. Темурийлар даврига оид ёзма манбаларда Арки олия икки қатор мудофаа девори билан ўраб олинганлиги, бу ерда Кўксарой, Бўстонсарой саройлари қад кўтарганлиги ҳамда давлат аҳамиятига эга иншоотлар - ғазна, қурол-яроғ, ҳарбий аслаҳалар ишлаб чиқарувчи устахоналар, омборхоналар, кутубхона, девонлар жойлашганлиги қайд этилади.
1868 йилда Самарқанд Россия империяси томонидан босиб олингандан сўнг шаҳар аркида ҳарбий гарнизон жойлаштирилади. 1868-1875 йилларда эса аркнинг топографик режаси олинади. 1878 йилда рус ҳарбийлари аркда ҳарбий истеҳком қуриш учун дастлаб арк мудофаа деворларини текислаб ташлашган бўлса, 1880-1981 йилларда аркдаги қолган иншоотларни бузиб юборишади. Жумладан, Шайх Нуриддин Басир мақбараси ҳам дастлаб порох сақланадиган омборхонага айлантирилиб, кейинчалик тўлиқ портлатиб юборилади.
Айни вақтда институтимиз ходимлари томонидан қазувга қадар изланишлар олиб борилиб, архив, илмий ҳисобот, ёзма манбалар ҳамда картографик маълумотлар таҳлил қилинмоқда. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Милий архив фондида сақланаётган 1870 йилга мансуб ҳарбий топографлар томонидан тузилган харита муҳим бўлиб, Амир Темур арки ҳудудида Кўксарой ва Нуриддин Басир мақбарасининг ўрни кўрсатилган. Харитани таҳлил қилиш асосида мутахассислар томонидан Кўксарой ва Шайх Нуриддин Басир мажмуасининг ўрни тахминан 10-15 метр радиусда локализация қилинди. Бу эса яқинда арк ҳудудида олиб борилиши лозим бўлган қазув ишлари давомида археологик тадқиқотларни йўналтиришда муҳим ҳисобланади.
Шу билан бир қаторда, Самарқанд шаҳрининг энг қадимги даврини ўрганиш бўйича изланишларни давом эттириш режалаштирилган. Маълумки, 1970 йилда кўҳна кентнинг 2500 йиллиги, 2007 йилда эса 2750 йиллиги нишонланган. Ўтган вақт давомида археологик тадқиқотларда янги фанлараро тадқиқот усуллари кириб келди. Ушбу усуллардан келиб чиққан ҳолда, шаҳарнинг биоархеологияси, археоботаника ва археозоологиясини ўрганиш имконияти юзага келмоқда. Зеро, ушбу йўналишлар шаҳарнинг қадимги давр тарихини янада чуқурроқ ўрганиш ва тадқиқ этиш имконини беради.
Бундан ташқари, вилоятдаги археологик ёдгорликларнинг электрон базасини шакллантириш ҳам олдимизга асосий масалалардан бири. Шу боис янги платформа яратяпмиз. Расмий маълумотларга кўра, Самарқандда мингга яқин археологик объектлар рўйхатга олинган. Бироқ институтимиз олимлари томонидан олиб борилган изланишлар давомида вилоятда 1600 га яқин археологик объектларнинг ўрни аниқланди. Яқинда республикамиздаги тарихчи-олимлар ва археологлар иштирокида мамлакатимизда олиб борилган қазув ишларига бағишланган ҳисобот сессияси бўлиб ўтади. Унда янги электрон платформанинг тест шаклидаги тақдимотини намойиш қиламиз. Шунингдек, йил давомида вилоят маданий мерос бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги барча ёдгорликлар қайта хатловдан ўтказилиб, объектлар ҳақидаги маълумотлар тўлиқ тизимга киритилади.
Мўминхон САИДОВ,
Самарқанд археология институти директори, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси.