Амир Темур даврида қурилган Арки олиядан туризм объекти сифатида фойдаланиш мумкин
Амир Темур Самарқандни ўз салтанатининг пойтахти этиб эълон қилгач, шаҳарда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Хусусан, 1371-1372 йилларда шаҳарнинг ғарбий қисмида 34 гектар майдонни ўз ичига олган Арки олия бунёд этилади. Темурийлар даврига оид ёзма манбаларда Арки олия икки қатор мудофаа девори билан ўраб олинганлиги, бу ерда Кўксарой, Бўстонсарой саройлари қад кўтарганлиги ҳамда давлат аҳамиятига эга иншоотлар - ғазна, қурол яроғ, ҳарбий аслаҳалар ишлаб чиқарувчи устахоналар, омборхоналар, кутубхона, девонлар жойлашганлиги қайд этилади.
Бўстонсарой аркнинг шимолий қисмидаги мудофаа девори ёнида жойлашиб, асосан ҳукмдорнинг ўзи ва оиласининг истиқомат қилиши учун мўлжалланган. Кўксарой эса арк марказида жойлашиб, тўрт қават бўлган. Ўз даврида юксак даражада маҳорат билан безалган саройда элчиларни қабул қилиш, расмий маросимлар ўтказиш каби давлат бошқаруви билан боғлиқ ишлар амалга оширилган.
Аркнинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган сув манбаи ер остидан ўтказилган сопол қувурлар орқали қалъанинг турли қисмларини сув билан таъминлаган. Аркнинг мудофаа деворлари пахсадан бунёд этилиб, пастдан юқорига торайиб борган ва ҳар 40-60 метр оралиғида айлана шаклдаги миноралар билан мустаҳкамланган. Аркнинг атрофи Новадон ариғи сувлари билан тўлдирилган хандақ билан ўраб олинган. Аркнинг жанубий томонида Бухоро дарвозаси, шарқда Самарқанд дарвозаси жойлашган. Асосий дарвоза Самарқанд дарвозаси бўлиб, унга савдо дўконлари жойлашган "Кумуш раста" кўчасидан Новадон ариғи устидан ташланган махсус кўприк орқали ўтилган.
Шу билан бир қаторда аркда Қутби Чордаҳўм ёки Шайх Нуриддин Басир мақбараси жойлашган. Ушбу мақбара ҳақида Самария асарида қуйидагилар келтирилган: "«Басир» шунинг учун деганларким, у киши онадан сўқир туғилган бўлса ҳам валийлик нури билан барча кўргиликларни кўрар эди. У қутблар орасида ўн тўрт кечалик тўлган ойдек эди. Шунга кўра, ўзини ўн тўртинчи қутб атайди. У шайх Зайниддии Куйи Орифонийнинг халифаси бўлиб, ундан тарбия топиб, қабул даражасига етган. Шайхликда тугалланиб, энг сўнгги босқичига мингач, йўлбошчисининг ғайбий ишорати юзасидаи, онаси билан бирга Нўшкентдан Самарқандга кўчиб келибди. Нўшкент ва Куйи Орифон Тошкент вилоятининг қишлоқларидандир. Самарқандга келгач, Новадон булоғининг ёқасида, Қўйи чўпононда сабзаранг ёки «Масжиди кабуд» ва турклар томонидан «Кўк мачит» деб аталадиган масжидда қўниб, шунда ўрнашибдир. Зикрни жаҳрия йўли билан айтар экан. Бир талай кишини олислик ўрнидан яқинлик даражасига етказибдир. У 640 (1242-1243) йилда ўлди. Гавдасини Новадон булоғининг ёқасига кўмдилар. Айтадирларким, Қутби чордаҳўмнинг қутлуғ мозори Новадон бўйида аркнинг ташқарисида экан. Амир Темур кўрагон ҳазрати шайх Абу Саъид ибн ҳазрати шайх Бурҳониддин Соғарчийдан ўз ишларининг олдинга бориши учун руҳоний ёрдам сўраганда, шайх Нуриддин (Қутби чордаҳўм) қабрини зиёрат этишга буюрибди. Шу шайхнииг буйруғи бўйича Амир Темур Қутби чордаҳўм мозорини Самарқанд аркига киргизиб, қабри устида гўзал ва юксак бир бино солдирган ва гумбазининг устига олтиндан бир қубба ясатиб ўрнатган экан. Ушбу мозорнинг зиёрати дуонинг қабули ва тилакларнинг юзага чиқишига анча таъсирликдир. Амир Темур кечалари шул мозорнинг теварагида айланиб юрар экан".
Ҳокимият тепасига Шайбонийлар сулоласининг келиши, пойтахтнинг Бухоро шаҳрига кўчиши маълум даражада Самарқанд шаҳри ободончилигига ўз таъсирини кўрсатади. Хусусан, XIX асрга қадар Самарқанд арки ва ундаги иншоотлар борасидаги маълумотлар ёзма манбаларда қайд этилмайди. Фақатгина, XVIII аср ўрталарида Самарқанд шаҳрининг ҳувиллаб қолганлиги, фақатгина аркда мингга яқин оила истиқомат қилганлиги айтиб ўтилади. Манғит ҳукмдорларининг марказлаштирув сиёсати ва сиёсий барқарорлик бошқа шаҳарлар сингари Самарқанднинг ҳам нисбатан ривожланишига олиб келади. Хусусан, аркнинг шарқий томонида Кулоллар маҳалласи шаклланади.
1868 йилда Самарқанд Россия империяси томонидан босиб олингандан сўнг шаҳар аркида ҳарбий гарнизон жойлаштирилади. 1868-1875 йилларда эса аркнинг топографик режаси олинади.
Шу ўринда, Соҳибқирон даврида Самарқанд аркида қурилган Кўксарой қачон йўқ бўлган, деган савол туғилади. Кўксарой ҳақида ёзган тарихчиларнинг фикрларича, Кўксарой бундан икки ёки уч асрлар илгари йўқ бўлиб кетган. Хусусан, Г.Вамбери ва А.Хорошхинлар ўз эсдаликларида таъкидлашича, аркдаги Кўксарой манғит амирлари томонидан Темур саройининг олдинги ҳашаматини тиклашга ҳаракат қилиб, юз йиллар олдин қурдирилган.
Амир Темур аркини тадқиқ этган Т.Лебедева ҳам XVIII-XIX асрларга оид маданий қатламларда сарой қолдиқларини ўрганиб, Амир Музаффар даврида бунёд этилган сарой Амир Темур даври саройи режасини тўлиқ қайтармаслигини қайд этади. Бухоро амирлари томонидан қайта таъмирланган ёки янгитдан бунёд этилган саройда машҳур Кўктош жойлаштирилган. XIX асрда Кўктош турган саройнинг кўриниши бизга 1868 йили Самарқанд истилосида қатнашган рус рассоми В.Верещагиннинг чизиб қолдирган сурати орқали маълум. Бу суратдан Кўктош ўрнатилган сарой тўрт бурчакли бўлиб, деворнинг тўрт томонида айвон қилинган, айвоннинг ўртаси очиқ бўлиб, саройнинг тўрида Кўктош қўйилган. Саройнинг устунлари, шифти ва тоқи нафис нақшлар билан безатилган. Кўктош устига бундай ҳашаматли бинонинг қурилиши бу тошга бўлган чуқур эҳтиромнинг рамзи эканлигини англатган. Зеро, Темурийлар давридан бошлаб, Кўктош тожу-тахт ва ҳукмдорликнинг қонуний тимсоли бўлиб қолган эдики, Бухоро амирлари ҳам Кўктош устида расмий ўтириш маросимларини ўтказишга ҳаракат қилишган.
1878 йилда рус ҳарбийлари аркда ҳарбий истеҳком қуриш учун дастлаб арк мудофаа деворларини текислаб ташлашган бўлса, 1880-1981 йилларда аркдаги қолган иншоотларни бузиб юборишади. Жумладан, Шайх Нуриддин Басир мақбараси дастлаб порох сақланадиган омборхонага айлантирилади. Кейинчалик тўлиқ портлатиб юборилади. Шайх Бурхониддин Басир ҳоки эса Самарқанд қозикалони Саид Мир Низомиддин Хўжа раҳбарлигида Ҳазрати Хизр масжидининг шимолий шарқий томонида қайта дафн этилади.
XIX аср охири - XX аср бошларида арк ҳудудида бир қатор ҳарбий казармалар бунёд этилиб, иккинчи жаҳон урушида улар ҳарбий госпиталларга айлантирилади. 1970 йилларда ушбу ҳудуд қайта режалаштириш туфайли ҳарбий қисм бошқа жойга кўчирилиб, 1980 йилларда бир қатор маъмурий бинолар қурилиши бошланади.
Айнан шу даврда арк ҳудудида ЎзР ФА Археология институти томонидан тадқиқот ишлари амалга оширилади. 1980-1982, 1986-1989 йиллар давомида аркнинг 30 дан зиёд жойида шурф ва планографик қазишма ишлари олиб борилиб, турли даврларга оид иншоотлар қолдиқлари аниқланади. Жумладан, X, XIV-XV, XVIII-XIX асрларга оид мудофаа девори, ер ости сув йўли, ҳаммомлар ва уларни сув билан таъминловчи ҳовузлар, турар жой (ҳозирги Афросиёб меҳмонхонаси ўрнида), хумдонлар, каналлар ва бошқа иншоот қолдиқлари аниқланади. Афсуски, қазишмаларнинг аксарияти кейинчалик уларнинг устига қурилган иншоотлар остида қолиб кетади.
Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида Самарқанд аркини ҳам туризм объекти сифатида танитиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳозирги кунда арк ҳудудида сақланиб қолган XIV-XV ва VIII-XIX асрларга оид ҳаммом ва XIV-XV асрга оид ҳовуз қолдиқларини очиш ва консервация қилиш долзарб вазифадир. Шу билан бир қаторда, арк ҳудудида илмий изланишларни режа асосида давом эттириш ва унинг топографиясига оид маълумотларга аниқлик киритиш ҳам асосий йўналишлардан бири ҳисобланади.
М.САИДОВ,
Миллий археология маркази директори ўринбосари.