Амир Темур мероси илм-фан, адолат ва кучли давлат тимсоли

Самарқанд шаҳрида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан «Амир Темур мероси — учинчи Ренессанс сари ишончли қадам» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, халқаро Амир Темур жамоат фонди, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тарихчи олимлар, профессор-ўқитувчилар, ҳарбийлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг фаолияти, бой маънавий мероси, давлатчилик анъаналари ва уларнинг тараққиётимиздаги аҳамияти хусусида фикр алмашдилар.

Анжуман давомида маърузачилар томонидан Амир Темур давридаги илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожи, ҳарбий жанг санъати ва усуллари, шунингдек, “Темур тузуклари” асарининг аҳамияти, учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашда Соҳибқироннинг тарихий меросини чуқур ўрганиш ва уни ёш авлод онгига сингдириш муҳимлиги таъкидланди.

– «Темур тузуклари» фақат тарихий манба эмас, балки давлатчилик ва жамият бошқарувининг мустаҳкам асосларини белгилаб берган бебаҳо асар, – дейди Халқаро Амир Темур фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Унда Амир Темур адолатни энг олий мезон сифатида илгари суради ва раҳбар инсон аввало халқ манфаатини устувор қўйиши кераклигини таъкидлайди. Шу билан бирга, асарда интизом, масъулият ва қатъият каби фазилатлар давлат барқарорлигининг асоси сифатида кўрсатилади. Бугунги кунда ҳам “Темур тузуклари” ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш жараёнида бу асардаги ғоялар биз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Хусусан, адолатли бошқарув, халқ билан мулоқот, қонун устуворлиги ва ватанпарварлик каби тамойиллар ҳозирги тараққиётимиз билан уйғун ҳолда намоён бўлмоқда. Шу маънода “Темур тузуклари”  нафақат ўтмиш мероси, балки бугун ва келажак учун йўл кўрсатувчи муҳим манбадир.

Тадбирда халқаро Амир Темур жамоат фонди Қозоғистон Республикаси бўлими раҳбари Икром Хошимжонов Соҳибқирон қаерга қадами етса, бунёдкорлик ишларида бош бўлгани, жумладан масжид ва мақбаралар бунёд этишда ташаббус кўрсатгани ҳақида гапирди.

– Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки илм-фан ҳомийси, маданият ва санъат жонкуяри сифатида ҳам тарихда қолган, – дейди И.Хошимжонов. – Жумладан, Соҳибқирон Қозоғистоннинг Сайрам вилоятида бўлган йилларида Аҳмад Яссавийнинг ота-онасига атаб мақбара қурдирган, кейинчалик Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий қадамжоси ҳамда Ўтрор шаҳрида Арслонбоб мақбара-мажмуаси ҳам Соҳибқирон фармони билан бунёд этилган. Ҳозирги кунда ушбу масканлар сайёҳлар энг кўп келадиган диққатга сазовор қадамжоларга айланган. Шунингдек, Қозоғистоннинг турли ҳудудларида Амир Темур номидаги темирйўл станцияси, қишлоқ, кўча, спорт муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда.

Бу йил Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги арафасида унинг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ янги маълумотларни йиғиш ва тўплам қилиш мақсадида кўрик-танлов эълон қилдик. Унда илмий ишлар, мақолалар, тадқиқотлар ва ижодий изланишлар кенг қамровда тақдим этилмоқда. Айниқса, ёш тадқиқотчилар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар Амир Темур меросини янада чуқур ўрганишга хизмат қилади. Танлов якунларига кўра, энг сара ишлар саралаб олинади ва уларни алоҳида тўплам сифатида нашр этиш, илмий жамоатчиликка тақдим қилиш режалаштирилмоқда. Бу каби ташаббуслар Соҳибқирон меросини кенг тарғиб қилиш, унинг бой тарихи ва маънавий қадриятларини келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Анжуман якунида Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизони ва халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлимига илмий қўлланма ва бадиий китоблар жамланмаси топширилди.

Темурийлар қиёфаси акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилиб, Соҳибқироннинг ҳаёт фаолияти ва унинг маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиб келаётган олимлар, тадқиқотчи ва фаоллар тақдирланди.