Амир Темур маҳсулотларини юқори нархларда сотган дўкондорларни қаттиқ жазолаган
Амир Темур Самарқанддан бошқа шаҳарлар ривожланишига ҳам алоҳида эътиборни қаратган, жумладан ўз даврида Бухоро Соҳибқирон давлатининг йирик иқтисодий маркази бўлган.
Бундан ташқари, маъдан конлари яқинлиги туфайли Тошкентда металл буюм ясаш ривожланган. Тошкент бошқа ҳудудларга “шоший” (“чочий”) деб аталган камонлар етказиб бериши билан донг таратган. Андижон билан Ахсикат эса Фарғона водийсининг иқтисодий ва маданий маркази бўлган.
Самарқандда бахмалнинг тўқ қизил рангли алоҳида тури тайёрланган. Аҳолининг аслзодалар қисми учун байрам либоси асосан шойи, парча ва бахмалдан тайёрланарди. Гиламдўзлик Мовароуннаҳрдаги ҳунармандчилик ишлаб чиқаришида муҳим ўрин эгаллаган. Самарқандда “султоний” номли энг яхши қоғоз ишлаб чиқарилган. Темур ва Улуғбек даврларида кулолчилик муҳим ўрин эгаллар, ҳунармандчилик ишлаб чиқаришнинг энг ривожланган ва етакчи тармоқларидан бири саналар эди. Сопол буюмлар тайёрлашда ғиждувонлик усталар ўз услубига эга бўлган.
Қимматбаҳо маъданларга ишлов бериш ҳунармандчиликнинг юксак ривожланган тармоғига айланди. Заргарлар сирға, узук, билакузук ва бошқа қимматбаҳо безакларни тайёрлашга ихтисослашган бўлиб, феодал аслзодаларнинг бунга эҳтиёжи баланд эди.
XIV аср охирида улуғвор иншоотлар қурилиши кенг тус олди. Дераза ойнаси, жумладан рангли ойна ишлаб чиқариш анча ривожланди. Амир Темур, Ишратхона, Шаҳрисабздаги сарой, Бухородаги Улуғбек мадрасаси қурилишида шу ойнадан фойдаланилган. Шунингдек, сиркор кошин тайёрлаш миқдори ҳам ошди. Темур давлати пойтахтида аслаҳасозлик иши кучли даражада ривожланди. Махсус устахоналарда шамшир, қилич, ханжар, ойболта, совут, дубулға тайёрланар, Амир Темур бу соҳага катта аҳамият бериб, қатъий назорат қилиб борарди. Бу хил устахоналарда асир мутахассислар ва қуллар ишларди.
XIII-XIV асрларда давлатга қарашли йирик ҳунармандчилик устахоналари бўлган. Забт этилган мамлакатлардан келтирилган асир ҳунармандларнинг меҳнатидан фойдаланиш бу хил устахоналарнинг ўзига хос жиҳатларидан бири эди. XIV асрнинг охири XV асрнинг бошларида Самарқанд қалъасида асир ҳунармандлар ҳам ишлайдиган корхона бўлган. Испания элчиси Клавихонинг ёзишича, “Темур бу саройда совут, дубулға, ўқ-ёй тайёрловчи ва йил бўйи унда ишловчи минглаб асир усталарни сақлаган”.
Амир Темур Самарқандни улуғлаш истагида “забт этган ерларининг ҳаммасидан одамларни келтириб, шаҳар ва (унинг атрофидаги) ерларга жойлаштирар, айниқса турли ҳунарлар бўйича усталарни тўплар эди. Дамашқдан у топиши мумкин бўлган хилма-хил усталарни; турли хил тўқувчилар, камончилар, аслаҳасозлар, шишапаз ва кулолларни юборди, (улар) дунёда энг яхши усталар ҳисобланади. Туркиядан эса камончилар ва топилиши мумкин бўлган бошқа ҳунармандлар; ғишт терувчилар, заргарларни келтирди, улар шунчалик кўп топилди ва кўп келтирилдики, шаҳарда ҳар қандай уста ва ҳунармандни топиш мумкин эди.
Мамлакат иқтисодиётида чорвачилик муҳим тармоқлардан бири ҳисобланиб, чорва моллари учун ҳам алоҳида жойлар ажратилган. Масалан, от бозори, қўй бозори кабилар бўлган. Бозорлар айни вақтда шеърият, адабиёт, илм-фан ютуқлари бўйича суҳбатлар ўтадиган, ўзига хос билим алмашинуви кечадиган жойлар ҳам эди. Шу ерда ҳукмдорларнинг фармони эълон қилинар, айбдорлар жазоланар эди. Чунончи, читгарлар рисоласига кўра, касб низоми кўрсатмаларини бузган шогирд бола бозор куни елкаси хипчин билан саваланган ҳолда бозор ичидан олиб ўтилган. Бу ерда кўплаб амалдорлар ва оддий халқ тўпланган. Шунингдек, Амир Темур мол-маҳсулотларини юқори нархларда сотган дўкондорларни қаттиқ жазолашни буюрган.
Бозор томошагоҳ: кўнгил очар жой ҳам эди. Найрангбоз, дорбоз, полвон, қўғирчоқбозларнинг тирикчилиги ҳам кўпинча шу ерда ўтган. Зотан, Самарқандга кўплаб хорижий савдогарлар келиб турарди. Улар хилма-хил тилда гаплашувчи кишилар бўлиб, ҳаттоки, улар орасида оврупалик меҳмонларни ҳам учратиш мумкин эди. Йўллар тармоғи Ўрта Осиё шаҳарларини Ҳиндистон, Эрон, ҳозирги Афғонистон, Хитой, Кавказорти, Туркия, Волгабўйи марказлари билан боғланган. Иқтисодда савдо қандай катта аҳамиятга эгалигини Амир Темур яхши тушунарди.
Кичик Осиёдалик пайтида Амир Темур Фаранг қироли Карл VI ва инглиз қироли Генрих IV билан дипломатик ёзишмалар қилган. Мактубларда Соҳибқироннинг ўз давлати билан ғарб мамлакатлари ўртасида мунтазам савдо муносабатларини ўрнатиш истаги яққол акс этиб турибди. Ушбу хатларда савдогарлар учун эркин савдо муносабатларини таъминлаш ҳам таъкидланган эди.
Бу даврда савдогарлар ва элчиларнинг йўли бехатар бўлишига катта эътибор берилган. Самарқандга четдан келтирилувчи моллар орасида Шарқ мамлакатлари, биринчи навбатда Хитойдан келтирилувчи моллар муҳим ўрин тутган. Самарқандга турли мамлакатларнинг моллари, шу жумладан “Ўрусия ва Татариянинг” кўни билан зиғир толасидан тўқилган газламаси оқиб келарди. Ўрта Осиёга Волгабўйидаги Булғор деган жойдан келтирилувчи аъло навли тери ишлов берилган жойига кўра “булғори” деган ном олган. Ундан хилма-хил пойабзалларнинг устки қисми, қимматбаҳо эгар, камон ўқлари учун нақшинкор садоқ, хуржун, муқова ва бошқа нарсалар тайёрланган.
Хитойдан Мовароуннаҳрга “бағоят қадрланадиган ва қимматбаҳо бўлган” чинни идишлар, чинни кошинлар ва чинни буюмлар”, “сирланган сопол ва ҳоказолар” келтирилган.
Самарқанддан четга олиб чиқиладиган хилма-хил матолар, айниқса, “занданачи” номли тури муҳим ўрин эгаллаган. XV асрда Ўрусия, Волгабўйига ва улар орқали Оврупога занданача қисман етказиб берилган.
XIV-XV аср охирида Темур ва темурийлар давлати маркази - Мовароуннаҳр жуда кўп карвон йўллари орқали Оврупо, Яқин ва Узоқ Шарқнинг йирик шаҳар ҳамда мамлакатлари билан боғланган эди. XIV асрда Мовароуннаҳрнинг шимол томондаги йирик иқтисодий ва сиёсий қўшниси Олтин Ўрта эди. Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидаги савдогарлар Олтин Ўрдага икки томондан бориши мумкин бўлган, яъни Жанубий Қозоғистон чўллари орқали ва Хоразм томондан. Хоразмнинг ички ва ташқи савдоси Урганчда тўпланган эди. Урганч орқали жанубий мамлакатлардан Олтин Ўрда, Волгабўйи, сўнг Оврупага қараб карвонлар ўтар эди.
Мовароуннаҳрни Ҳиндистон билан боғловчи бошқа бир йўл Қобул орқали ўтар эди. Заҳириддин Бобур таъкидлашича, Ҳиндистон ва Хуросон оралиғида Шарқнинг икки йирик савдо-иқтисодий маркази - Қобул ва Қандаҳор орқали ўтувчи йўл бўлган. “Қобулга Қошғар, Фарғона, Туркистон, Самарқанд, Бухоро, Балх, Ҳисор ва Бадахшондан карвонлар келур. Хуросондан карвон Қандаҳорга етур. Ушбу вилоят Ҳиндистонни Хуросон билан боғлагай”, деб ёзган эди Бобур “Бобурнома” асарида.
Шундай қилиб, XIV-XV аср охирларида Мовароуннаҳрни маълум мамлакатлар билан ижтимоий-иқтисодий, баъзи ҳолларда сиёсий ва ҳарбий аҳамиятга эга бўлган карвон йўллари боғлаган эди. Ушбу тарихий йўллар бир-биридан иқтисоди, халқ турмуш тарзи, дини, маънавий ва моддий маданияти жиҳатидан фарқланувчи мамлакатларнинг ўзаро алоқасини ривожлантиришга имкон яратган.
Ўтан Тўхтамишев,
СамИСИ доценти.
Шовқиддин Абдурашидов,
СамИСИ ўқитувчиси.