Андижонда 74 нафар тиббиёт ходими коронавирус инфекциясини юқтирган
Ижтимоий тармоқларда “Андижон ҳокими вирус юққан 90 кишининг 78 таси тиббиётчи эканини билдирди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу баëнотни тасдиқламади” сарлавҳа остидаги тарқалган хабарларга Андижон вилояти ҳокимлиги изоҳ берди.
Бутун дунёда тарқалаётган коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш борасида юртимизда ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга асосан, Андижон вилоятида ҳам коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасида, белгиланган тартиб асосида ишлар амалга оширилмоқда.
Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумотига кўра, вилоятда шу кунга қадар 102 нафар вирус юқтирганлар аниқланиб, шундан 74 нафари бевосита тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар (тиббиёт муассасасидан ойлик олиб ишловчи шифокор, ҳамшира, кичик тиббий ходим ва хўжалик бўлими ходимлари), 15 нафари бошқа касб эгалари ва 13 нафари вояга етмаганларни ташкил қилади. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида беморлар учун етарли шарт-шароит яратилиб, барча зарур дори-дармонлар, ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Жорий йилнинг 13 апрель куни 4 нафар бемор (1 нафар шифокор, 2 нафар ҳамшира 1 нафар кичик тиббий ходим) соғайди. 14 апрель ҳолатига Андижон вилоятида юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус билан касалланганлар сони 98 тани ташкил этади.
Карантинга олинган фуқаролар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар, дезинфекция ва гигиена воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланган.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати пандемия вақтида, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда уйда қолишингизни тавсия этади.