Андижонда ўқитувчилар тик туриб ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилинди: Ҳолат жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди

Тарқалган хабарларга кўра, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб узр сўрашган. Kun.uz хабар қилишича, бунга туман халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчиси масъул бўлган.

Айтилишича, ушбу ўқитувчиларни тик туриб ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилиш ўқувчиларнинг таълим олишидаги бўшлиқлар, олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлгани сабабли ташкиллаштирилган. “Узрбозлик маросими” вақтида ота-оналар бунга эътироз билдириб, ўқитувчилардан узр сўраган, аммо туман ХТБ ташаббуси билан ўтказилган тадбир шу руҳда давом эттирилган.

Мазкур ҳолат жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Шунингдек, бугуннинг ўзида Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўз муносабатини билдирди:

"Бугун Марҳамат туманида юз берган ҳолатни нафақат ўқитувчиларимизнинг шаънини ерга уриш, балки давлатимиз сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат деб баҳолайман.

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис бугун давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқдилар.

Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғу, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Ҳозирда Халқ таълими вазирлигининг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолат ўрганилмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўйган "ташаббускорлар"га албатта тегишли чора кўрилади”, дейилади вазир баёнотида.

Шунингдек, Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов Марҳаматдаги ҳолат учун Андижон вилояти ҳокими узр сўраши кераклигини айтди.

“Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак”, дейди Алламжонов телеграмдаги каналида.