Ақлли шаҳарнинг афзаллиги нимада?

“Smart city” – ақлли шаҳар дегани. Унинг бундай номланишига сабаб кўп, улардан бири – шаҳарчада инновацион технологиялардан фойдаланилишида. Самарқанд шаҳрида 10 мингдан ортиқ аҳоли яшашга мўлжалланган “Humo Smart city” ақлли шаҳар турар жой маскани қурилишида янги технологиялардан фойдаланилган. Ҳудуд видеокузатув орқали тўлиқ қўриқланади ва ягона бошқарув марказидан бошқарилади.
Бу ҳақда Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси ҳамда “Ипотека-банк” АТИБ вилоят филиали ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда батафсил маълумот берилди.
Дастлаб ақлли шаҳарнинг қурилиш ишлари кўздан кечирилди.
- 2019 йилнинг ноябрь ойида юқори қулайликдаги замонавий ақлли шаҳарча қурилишини бошладик, - дейди “Humo Smart city” “Нурли келажак ишонч сервис” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Акбарали Қаюмов. - “Humo Smart city”нинг қурилиши уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич жорий йил июнь ойида, иккинчи босқич жорий йил декабрь ойида ва учинчи босқич 2023 йилнинг тўртинчи чорагида ниҳоясига етказилади.
Айни вақтда мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда ва июнь ойи охирига қадар 384 та хонадонни ўз ичига олган саккизта 8 қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
- Шаҳарчада аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган 25 та объект мавжуд, - дейди “Humo Smart city” ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Хўжақулов . - Жумладан, бир кунда 2500 ўқувчи ўқийдиган замонавий умумтаълим мактаби биноси, 800 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасаси, меҳмонхона, савдо мажмуаси, стоматология, тиббий марказ, универсал спорт ўйингоҳи, очиқ ва ёпиқ болалар майдончалари, 1000 ўринга мўлжалланган кўп тармоқли аёллар маркази, 1760 та ер ости ва 780 та ер усти жами 2540 дан ортиқ автомобиль жойлашадиган автотураргоҳлар ўрин олган.
Шаҳарча ҳудудида 1100 метр узунликдаги эни 2 метр 70 сантиметрни, баландлиги 2 метр 10 сантиметрни ташкил қилувчи туннел қурилиб, барча муҳандислик-коммуникация тармоқлари туннел орқали ўтади. Бу эса шаҳарчадаги кўча ва хиёбонларнинг ноўрин бузилишининг олдини олиб, коммуникация тармоқларидаги носозликларни бартараф этишни таъминлайди.
2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида мазкур мажмуа қурилишига “Ипотека-банк” АТИБ вилоят филиали томонидан 74 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Мазкур кредит ҳисобига 1170 хонадондан иборат 24 та кўп қаватли уй, хусусан, 162 та бир хонали, 570 та икки хонали, 357 та уч хонали 81 та тўрт хонали уйлар қурилган.
2021 йилда қуриб битказилган 31 та уйдан, 12 таси субсидия асосида, 19 таси тижорат кредити эвазига фуқароларга сотилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 54 та уй қуриб битказилган ва 42 таси субсидия, 12 таси эса тижорат кредити эвазига фуқароларга тақдим этилган. Шу йил якунига қадар яна 515 та хонадон сотилиши режалаштирилган.
Фазлиддин Рўзибоев.