АҚШ дефольти бекор қилинади, Байден ва республикачилар қарз шифтини оширишга рози

Оқ уй ва мухолифат сўнгги лаҳзада нафақат Америкада, балки бутун дунёда иқтисодий инқироз муқаррар бўлган молиявий фалокат таҳдидини орқага сурди. Президент Жо Байден ва Конгресс қуйи палатасидаги республикачилар ҳукуматга аллақачон астрономик — 31,4 триллион доллардан ошиб кетган давлат қарзини оширишга рухсат беришга келишиб олдилар.

Қарор ҳали ҳам Конгресснинг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланиши керак, бу камида уч кун давом этади ва муроса тафсилотлари шифт кўтарилганидан кейин ҳам бир неча ой давом этадиган музокараларни талаб қилади, дея огоҳлантирмоқда АҚШ расмийлари ва конгрессменлар.

Конгресс томонидан белгиланган қарзнинг максимал чегарасига январь ойида эришилди ва шундан бери АҚШ Ғазначилиги жорий харажатларни молиялаштириш учун қарз олишни ошириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Давлат котиби Жанет Йеллен бу суръатда пуллар июнь ойидаёқ тугаши, ортидан Қўшма Штатлар ўз тарихидаги илк дефольт – “фалокат”га дуч келишидан огоҳлантирди.

Муаммо шунчалик жиддийки, Байден ўзининг Осиё турнесини бекор қилди ва Япониянинг Хиросима шаҳридаги G7 саммитидан уйига шошилди. Дефольт таҳдиди АҚШнинг дунёдаги энг машҳур ва ишончли қарздор сифатидаги обрўсига путур етказди. Облигациялар нархи пасайиб кетди, америкаликларнинг қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ошди.

Нима учун АҚШ шифтга урилди?

Қарз чегараси бир неча бор кўтарилган, аммо вақти-вақти билан бу тартиб сиёсий музокаралар мавзусига айланади. 2011 йилда Демократик президент Барак Обама ва республикачилар ўртасидаги кураш шу қадар чўзилдики, Қўшма Штатлар энг юқори кредит рейтингини йўқотди.

Бу сафар эса Конгресс қуйи палатасини назорат қилувчи республикачилар бюджетни қисқартиришни талаб қилиб, Сенатнинг юқори палатаси ва Оқ уйни назорат қилувчи демократлардан имтиёзларсиз шифтни кўтаришдан бош тортди.

Республикачилар ижтимоий харажатларни қисқартириш ва мудофаа харажатларини оширишни талаб қилди.

Бунга жавобан Байден ҳеч қандай шартларсиз шифтни кўтариш ёки бекор қилишни талаб қилди.

Ҳар қандай муросага ўта ўнгчи республикачилар ва ўта чап демократлар қарши чиқди, бу музокараларни мураккаблаштирди ва энди Конгресснинг иккала палатасида Байден ва Маккарти ўртасидаги келишувни маъқуллашни издан чиқариши мумкин.

Хуллас, қонун тасдиқланмагунча ва Байден уни имзоламагунча, дефольт таҳдиди ҳам сақланиб қолади.