АҚШ Савдо вакили самарқандлик ишбилармонлар билан учрашди
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Савдо вакили Кетрин Тай хоним бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ҳамраев кутиб олди.
Америкалик меҳмонлар Самарқанд шаҳри билан танишувни Амир Темур масжидидан бошлади. Маҳобатли меъморий обида меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф давомида меҳмонлар қадимий Сиёб деҳқон бозорида бўлиб, шарқ ширинликлари, қуруқ мевалар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва нон расталари билан яқиндан танишди.
Регистон майдонида бўлган делегация аъзолари халқимизнинг бетакрор тарихий дурдонасини катта қизиқиш билан томоша қилишди. Унинг яратилиш тарихи, ўта аниқлик билан амалга оширилган қурилиш ишлари меҳмонларнинг ҳайратини оширди.
Куннинг иккинчи ярмида вилоят ҳокими Эркинжон Трудимов ва вилоятнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва бошқа долзарб масалалар хусусида фикр алмашилди.
Жумладан, вилоят ҳокими меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон — Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб, Кетрин Тай хонимнинг ташрифи ушбу жараённи янги босқичга олиб чиқишини қайд этди. Шунингдек, айни пайтда ҳамкорликни кенгайтиришда биринчи навбатда туризмни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзаро ҳамкорлик соҳасида туризм энг мақбул соҳа, - деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. - Чунки бунда томонларда алоҳида мажбурият бўлмайди. Ўзбекистон туризм учун бугунги кундаги энг яхши ҳудудлардан бири, деб биламан. Энг аввало, юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик туризмнинг муҳим талабларидан бири. Ўзаро туризм соҳасининг сустлиги америкаликлар Ўзбекистонни билмаслигидир. Шунинг учун тарғиботни кучайтирсак, Ўзбекистон - АҚШ ўртасида туризм ривожланади. Туризм ривожи халқларимизнинг бир-бирини танишига хизмат қилади. Бу ўз-ўзидан тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлигини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бизнинг бугунги кундаги энг асосий вазифаларимиздан бири бизнес соҳаси вакилларини бир-бирига яқинлаштириш учун шароит яратишимиздир. Шунда иқтисодий ҳамкорлик бугунги кун талабига мос ривожланади. Бунда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишимиз ҳам муҳим, албатта. Ўйлайманки, бу жараёнда АҚШ бизга ҳайрихоҳлик билдиради. Шубҳасиз, бу икки давлат учун ҳам манфаатли бўлади.
Ўз навбатида Америка Қўшма Штатлари Савдо вакили Кетрин Тай хоним ҳам Самарқандга ташрифидан мамнунлигини билдириб, самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш унинг энг муҳим вазифаларидан бири эканлигини қайд этди.
- Самарқанд саёҳати мени беҳад хурсанд қилди, - деди Кетрин Тай хоним. – Биринчидан, мен бу заминга келиб тарих ҳақидаги билимларимни бойитдим. Айниқса, қадимдан дунё савдо-сотиқ муносабатларида муҳим ўрин тутган Буюк Ипак йўли тарихи, унинг мамлакатлар ўртасида тутган ўрни ҳақида етарли маълумотларга эга бўлдим. Самарқанднинг тарихий обидаларида бўлиб, бу замин эшитганларимга ҳақиқатда мос эканлигига амин бўлган бўлсам, қадимий Сиёб бозорида бўлиб, бугунги жараённи кузатиб, ҳозир ҳам Самарқанд қадимий ўрнини йўқотмаганини ҳис этдим. Мақсадим, Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини яна ривожлантиришда қайси соҳаларга эътибор қаратиш лозим, деган саволга жавоб топишдан иборат. Албатта, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бу йўлдаги муҳим қадам, деб биламан. Биз бу борада уларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бугунги учрашувимизда йирик корхоналар вакилларининг иштирокидан хурсандман. Шу ўринда кўпдан бери мени ўйлантираётган таклифни ўртага ташламоқчиман. Бизнинг иқтисодий ҳамкорлигимизнинг янги босқичининг дебочаси маълум бир соҳада қўшма саноат тизимини ишлаб чиқишимиз бўлади, деб ўйлайман. Туризм соҳаси бунинг учун энг муҳим соҳа. Бу ғоя икки ойча олдин Лас-Вегасда тадбиркорлар билан учрашувимда туғилган эди. Улар ҳам асосан хизматлар соҳаси экспортини амалга оширади. Биласиз, бутун дунёдан бу ерга миллионлаб туристлар ташриф буюради. Бугунги кузатувларимдан билдимки, Самарқанд ҳам дунё аҳли жам бўладиган муҳим туристик шаҳарлардан бирига айланибди. Бу соҳадаги ҳамкорлик иккала томон учун ҳам манфаатли бўлади.
Якунда ҳамкорликни амалга оширишда бевосита алоқаларни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, самарқандлик тадбиркорлар америкалик тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдаги божхона, виза билан боғлиқ муаммоларни ўртага ташлади. Ҳамкорликни ривожлантиришдаги фикр-мулоҳазалар асосида келгуси режалар белгиланиши маълум қилинди.