АҚШ саёҳатчилар мамлакатга киришлари учун қоидаларни ўзгартирди

Жорий йилнинг 8 ноябридан бошлаб АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази (Centers for Disease Control and Prevention, CDC) ва Транспорт хавфсизлиги бошқармаси (Transportation Security Administration, TSA) буйруғига биноан Америка Қўшма Штатларига келаётган 2 ёшдан юқори бўлган барча йўловчилар COVID-19 га қарши эмланганлиги тўғрисидаги ёки эмланишдан озод қилинганлиги ҳақидаги анкетани тўлдиришлари шарт. Иммигрантлар ва АҚШ фуқаролигига эга йўловчилар бундан мустасно.

Мазкур анкета "ҳаво кемаси"га чиқишдан олдин авиакомпания вакилларига тақдим этилиши лозим. Анкетани тўлдирмаслик, нотўғри ва ёлғон маълумотларни келтириш рейснинг кечикишига, йўловчининг парвоздан четлаштирилишига ва келгусида АҚШга киришга рухсат берилмаслигига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, бундай йўл тутган ҳамда анкета талабларини бажармаган ҳар бир йўловчи АҚШнинг федерал қоидаларига кўра жиноий ва қамоқ жазосига тортилиши мумкин.