АҚШ томонидан ўлдирилган Эрон генерали оммавий намойишларда ёдга олинди
Эрон ва Ироқда АҚШ томонидан ўлдирилган Исломий инқилоб қўриқчилари корпуси (IRGC) генерали Қосем Сулаймоний хотирасига бағишланган оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Намойиш иштирокчилари юқори мартабали сиёсатчилар билан бир қаторда, Вашингтондан қасос олишга ваъда беришмоқда, деб ёзади Press TV ўз «Тwitter»ида.
Минглаб одамлар генерал тасвирланган транспорант ва портретлар билан кўчаларга чиқишди. Ундан ташқари, намойишчилар ўша куни ўлдирилган Ироқ шиа қўшини қўмондони ўринбосари Абу Махди ал-Муҳандисни ҳам эслашди. Таъкидланишича, маҳаллий ҳукумат ҳам қурбонлар хотирасига кўргазмалар ишлаб чиққан. Уларда асосан автомобилга ракета урилиши тасвирланган. Эроннинг юқори мартабали мулозимлари машъум воқеа мамлакат фуқароларини, шунингдек, Боғдод билан Теҳронни бирлаштирганини айтмоқда.
2 январь куни Эрон ҳарбий денгиз кучлари Сулаймоний ўлдирилгани бир йиллигига тайёргарлик кўриш фонида Форс кўрфазида жанговар тайёргарликни оширгани ҳақида хабар берилган эди. Декабрь ойи бошида Пентагон ҳам Ироқдаги Айн ал-Ассад ҳарбий базасини мустаҳкамлади. Мутахассислар буни нафақат генерал ўлдирилишининг бир йиллиги, балки яқинда АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг инаугурацияси билан ҳам боғламоқда.
Сулаймоний Ироқнинг Боғдод шаҳрида 2020 йил 3 январь куни АҚШ томонидан берилган ракета зарбасидан вафот этди. Генерал билан уни кузатиб борган ал-Муҳандис ва бир неча зобит ҳам ҳалок бўлган эди. Бунга жавобан Теҳрон 8 январга ўтар кечаси Американинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ўнлаб ракеталар отди. Ўтказилган операция «Шаҳид Сулаймоний» деб номланди. Қўшма штатлар қурбонлар йўқлиги ва ҳарбий базаларга минимал зарар етказилганини билдирди.