Арчалар нега сарғайиб кетяпти?

Бугунги кунда манзарали дарахтлар, хусусан, арчаларнинг баргларида сарғайиш ҳолатларини кўряпмиз. Хўш, бунга сабаб нима?

Арчанинг илдизидаги, ўсиб ривожланишидаги ўзгаришлар сабаб, яъни озуқа етишмаса, зараркунанда ҳашаротлар – арча унсимон қурти ёки ўргимчак каналар емирса, қишда совуқ, ёзда иссиқ оқибатида сарғайиб кетади. Бунинг хавфли томони йўқ, уларга илдизидан ва баргидан озиқлантирувчи озуқалар бериш керак.

Арча озуқа етишмаслиги ёки зараркунандаларнинг таъсиридан "стресс"га тушади. Унинг илдизига ва баргига етарли озиқлантирувчи моддалар берсак, қишдан чиқиши билан тезда ўзини тиклаб олади. Сарғайган баргларни даволаш учун азот, фосфор, калий билан микроэлементларни бирга қўлласак, яъни уларни арча дарахти баргларига сепсак, яшил барглар тез тикланади. Уларни мартнинг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида озиқлантириш керак.

Зараркунандалар арча дарахтининг танасида қишлайди. Уларни қишловдан чиқмасдан йўқотадиган дори воситалари бор, дастлаб ўшалар ёрдамида зараркунандалар йўқотилади. Сўнгра дорини қишловдан чиқиши билан, вегетация - ўсиш жараёнида қўллаш лозим. 

Арчани 100 фоиз совуқ урмайди, чунки улар тоғларда ўсади, совуққа чидамли дарахт. Ўтган йили “Яшил макон” дастури бўйича экилган кўчатларимизда сарғайиш бор. Уларга совуқ бироз таъсир қилган. Сабаби, илдизи яхши жойлашмаган ёки ўтган йили яхши озиқлантирилмаган. Арчани иссиқ кунларда сувсиз қолдирмаслик ҳам керак.

Манзарали дарахтларни кўча четларида экиб парваришлаётганда, уларни биринчи навбатда суғоришимиз, сўнгра вақтида озиқлантириб туришимиз лозим. Акс ҳолда қишнинг совуғи ёки ёзнинг жазирамасига бардош беролмайди. Зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиб, қўшимча озиқлантиришни йўлга қўйсак, дарахтлар сарғаймайди.

Уларни суғоришда илдиз бўғзига сув тўпланмайдиган қилиб, катталигига қараб, 30-35 градиусда айлантирилиб ариқча ковланади ва суғорилади. Арчаларнинг тагига сув тўпланиб қолса ҳам бўлмайди, илдизи чириб, касалланади.      

Ўтган йили ТАТУ Самарқанд филиали ва Самарқанд давлат чет тиллар институти билан хўжалик шартномалари тузиб, ушбу олий таълим муассасаларига тегишли манзарали дарахтларни зараркунандалардан ҳимоя қиладиган воситаларни қўллаб, баргидан озиқлантириб бердик ва дарахтларни касалликдан асраб қолдик. Бу йил ҳам ташкилот ва корхоналарга ёрдам беришга тайёрмиз.

Отамурод ПЎЛАТОВ,

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали катта ўқитувчиси.