Археология институти Самарқанд вилояти ҳокимлиги эътиборида бўлади
31 март куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳридаги Археология институтига келиб, муассаса моддий-техник базаси, илмий ходимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти 1970 йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган. Институт инсоният тарихининг тош асридан ўрта асрларгача бўлган кенг даврда Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида ривожланган қадимий цивилизацияларнинг, илк шаҳарлар ва давлатларнинг моддий ва маънавий маданиятини тадқиқ этиш, даврлаштириш ва ўтмишини тиклаш каби фундаментал илмий масалалар устида фаолият юритади.
Институтимиз фаолиятининг қисқача таърифи мана шундай.
Илмий даргоҳ ташкил этилгандан кейин ўтган йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистонда археология фани юксак суратлар билан ривожланди. Қадимги тош даври, энеолит, неолит даврлари, бронза ва илк темир даври, антик ва ўрта асрлар даври, археологик топилмаларни тиклаш ва консервация қилиш йўналишларида бир қатор илмий мактаблар шаклланди ва институти нафақат Ўрта Осиёда, балки собиқ иттифоқ миқёсида ҳам археология фани соҳасидаги пешқадам институтлардан бирига айланди. Ўзбекистон мустақиллигигача институтдан тўртта академик, ўндан ортиқ фан доктори, ўттиздан кўпроқ фан номзоди етишиб чиқди. Беш нафар олим давлат мукофоти билан тақдирланди.
Ўзбекистон мутақиллиги шароитида, унинг дастлабки йиллариданоқ тарихнинг сиёсат билан яқинлашган кўплаб йўналишлари барбод бўлди. Лекин фундаментал фан йўналишлари бўйича фаолият олиб борган Археология институти ўзининг илмий салоҳияти ва йўналишларини тўла сақлаб қолди. Деярли барча фан соҳалари каби археология соҳасида ҳам давлат томонидан молиялаштирилиш кескин қисқариб кетди, дала тадқиқотлари, экспедицияларга маблағ ажратилиши тамоман тўхтади.
Лекин мустақиллик шарофати билан археология фанига яна бир йўл очилди – жаҳоннинг йирик археология марказлари Ўзбекистонда Археология институти билан ҳамкорликда ишлаш истагини билдирди. Шу тариқа Франция, Италия, Япония, Германия, Польша, Россия, АҚШ, Хитой ва бошқа ривожланган давлатларнинг йирик университетлари, музейлари ва археология марказлари билан ҳамкорликда йигирмага яқин халқаро экспедициялар ташкил этилди. Ушбу халқаро экспедициялар натижасида Ўзбекистоннинг қадимги тош давридан бошлаб ўрта асрлар давригача бўлган давр маданияти, шаҳарсозлик маданияти, давлатчилик, динлар тарихи, санъати ва моддий маданиятини ўрганиш борасида йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Тошкент воҳасидаги Обираҳмат ғори, Қизилқумдаги Оёқоғитма, Афросиёбдаги қорахонийлар даври деворий суратлари мажмуаси, Кофирқалъадаги ёғоч панноларнинг очилиши жаҳоншумул кашфиётлар бўлди.
2017 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон фанида кескин бурилиш ясалди, бошқа фанлар каби археология фани учун ҳам барча имкониятлар пайдо бўлди. Мана шундай тадбирларнинг бири сифатида 2019 йил 21 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу қарор Ўзбекистонда археология фанини ривожлантириш борасидаги муҳим қадам бўлди. Қарорда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида Миллий археология марказини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистонда археология фанининг ривожи учун хизмат қилади. Аммо, бир жиҳатни ёддан чиқармаслик лозимки, жорий йилда ташкил этилганлигига 50 йил тўладиган, Ўзбекистон тарихи ва археологияси ривожида улкан хизмат қилган Фанлар Академияси Археология институти марказнинг юридик мақомга ҳам эга бўлмаган филиали даражасига туширилишини тушуниб бўлмайди.
Биз Миллий археология маркази ташкил этилишига қарши эмасмиз. Бу марказ Ўзбекистонда кўплаб университетлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар томонидан, шу жумладан Археология институти томонидан олиб борилаётган археологик тадқиқотларни мувофиқлаштириб бориши лозим. Бунинг учун Самарқандда жойлашган, ўндан ортиқ халқаро археологик экспедициялар, юқори салоҳиятга эга мутахассислар иш олиб бораётган Археология институтини филиал даражасига тушириш шарт эмас. Фанлар академияси тизимида Миллий археология маркази ва Археология институтининг бирга фаолият кўрсатиши, тенг мақомга эга бўлиши Ўзбекистонда археология фанининг ривожланишига хизмат қилишига ишонамиз.
Шу жиҳатдан Эркинжон Турдимовнинг Археология институти вилоят ҳокимлигининг доимий эътиборида бўлиши, вилоятда туризмни ривожлантиришда ҳам институти асосий ташкилотлардан бирига айланиши ҳақидаги фикрларидан бошимиз осмонга етди. Шунингдек, вилоят ҳокими институт мақомини тиклаш, бинони таъмирлаш ҳамда Самарқандда олиб бориладиган археологик тадқиқотларни молиялаштиришда барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.
Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,
Мўминхон САИДОВ,
Абдусобир РАИМҚУЛОВ.