Архивлар халқ тарихи ва давлатчилик хотирасининг ишончли қўриқчиси

Архивлар ҳар қандай миллатнинг тарихий хотираси, маънавий мероси ва давлатчилик анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо манба ҳисобланади. Ўзбекистонда архивлар нафақат ҳужжатлар сақланадиган маскан, балки халқимизнинг кўп асрлик тарихи, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, маданий ва илмий меросини келажак авлодларга етказувчи муҳим муассасалар сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Аслида замонавий архив тизимининг шаклланиши XIX аср охирларига тўғри келади. Хусусан, 1870 йилдан бошлаб вилоят кенгашлари қошида махсус архивлар ташкил этилиб, маҳаллий идоралар фаолияти давомида йиғилган ҳужжатлар алоҳида сақлана бошланган.

1919 йилда Туркистон Республикаси архив ишини марказлаштириш ва тарихий аҳамиятга эга ҳужжатларни давлат муҳофазасига олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Кейинчалик Ўзбекистон ССР ҳудудий архивлари ташкил этилиб, марказлашган архивлар тармоғи вужудга келди.

Бугунги кунда архив хизматларини рақамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда соҳада замонавий бошқарув тизимини шакллантириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар миллий архив фонди ҳужжатларининг камида 60 фоизини рақам­лаштириш, архив хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, хизмат кўрсатиш муддатларини камида уч баравар қисқартириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда давлат органлари ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграциялашувни таъминлаш асосий вазифалар сифатида белгиланган.

Вилоят давлат архивида ҳам фармон ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят давлат архивига тўққиз нафар, вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тизими бўйича эса йигирма нафар мутахассис ишга қабул қилинди. Шунингдек, архив ҳужжатлари ҳаракатини автоматлаштириш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида RFID (радиочастотали идентификация) технологияси жорий этилмоқда. Ушбу тизим орқали ҳар бир архив ҳужжатига уникал идентификация рақами берилиб, уларнинг ҳаракати автоматик равишда назорат қилинади.

Вилоят давлат архиви нафақат ҳужжатларни сақлаш, балки халқимиз тарихини ўрганиш ва тарғиб ­қилиш марказларидан бири ҳисобланади. Архивда фан, маданият, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид минглаб ҳужжатлар сақланмоқда. 50 дан ортиқ шахсий фондларда давлат арбоблари, олимлар, ёзувчилар ва бошқа машҳур шахсларга оид ноёб ҳужжатлар жамланган. Жумладан, архивда 1927 йил 22 январда Самарқандда олий педагогика институтини ташкил этиш ҳақидаги Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлари кенгашининг қарори, шунингдек, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг Самарқанд давлат университетида таҳсил олган даврига оид шахсий ҳужжатлари сақланмоқда. Бу каби тарихий манбалар миллий тарихимизни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Энди миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш, йиғмажилдлар рўйхатини юритиш, архив ҳужжатларини қабул қилиш ва фойдаланишга бериш, ташкилотларнинг архив ишларини мувофиқлаштириш каби жараёнлар электрон шаклга ўтказилади.
Бундан ташқари, соҳада “Шажара” ахборот тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали фуқаролар ўз оила шажараларини онлайн тарзда шакллантириш имкониятига эга бўладилар. Архив ҳужжатлари, ФҲДЁ маълумотлари ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида фуқароларнинг авлодлар занжири ва оилавий боғлиқликлари ҳақидаги маълумотлар шакллантирилади.

Шавкат Мавлонов,
вилоят давлат архиви директори.