Ашаддий ҳуқуқбузарларга қонун кучи кўрсатиб қўйилади

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари «Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак», деди.

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг олти ойида шаҳар ва туманларимизда 428 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган. Яъни, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 та (398/428) кўп авария юз берган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 50 фоизи ёки 214 тасида пиёдалар уриб юборилган.

Йўлнинг тоифаси ҳаракат жадаллигига мос эмаслиги ва ёритиш мосламалари тунги вақтда ишламаслиги, пиёдалар учун тротуар йўқлиги йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири бўлган.

Масалан, кўнгилсизликларнинг 65 таси тўсиқлар ўрнатилмаганлиги сабабли ҳайдовчиларнинг қарама-қарши йўналишга чиқиши оқибатида юз берган.

Шу маънода «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари биринчи галда авария ўчоқлари бўлган хавфли участкаларни тартибга солишга йўналтирилиши белгилангани айни муддао бўлди. Яна бир жиҳати, энди радарлар орқали бюджетга тушадиган маблағнинг 25 фоизи ҳам шу жамғармага ўтказилади.

Жамғарма маблағлари биринчи галда авария ўчоқлари бўлган хавфли участкаларни тартибга солиш - йўлни ажратувчи тўсиқлар, йўл белгилари, ёритгичлар ўрнатиш, пиёда йўлаклари ташкил қилиш, чорраҳаларни рақамлаштиришга йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбари қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланса, ўша ерда ўзгариш кузатилаётгани қайд этилди. Шу маънода вилоятимиздаги айрим ҳудудларда мутасаддилар ишни тўғри ташкил қилолмаётгани кўриниб қолди.

Негаки, Тойлоқ, Иштихон, Паст Дарғом, Пахтачи, Пайариқ, Нарпай, Жомбой ҳамда Оқдарё туманларида умумий йўл-транспорт ҳодисалар сони ўтган йилнинг олти ойига нисбатан ошган.

Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ҳам айни шу туманларда кўпайган. Мисол учун, Тойлоқ туманида ўтган йили бундай ҳолат 2 та бўлган. Жорий йилнинг олти ойида эса йўл-транспорт ҳодисаларидан 6 киши вафот этган. Пайариқ туманида мос равишда 3/6, Пахтачи туманида 4/8, Паст Дарғом туманида 4/7, Ургут туманида 8/12, Булунғур туманида 3/4, Жомбой туманида 7/9 ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган.

Аҳамиятли жиҳати, давлат раҳбари бундай қайғули ҳолатларни камайтириш учун ҳам аниқ ечимларни қайд этди. Жумладан, ички йўлларни тартибга олиш учун вилоят ва туман ҳокимлари масъул бўлади. 1 октябрга қадар бошқа республика ва халқаро йўллар қатори "Тошкент – Самарқанд – Термиз" ҳамда "Самарқанд – Бухоро" йўналишидаги халқаро йўлларнинг хавфсизлик талабларига мослиги ўрганилади. Йил якунигача қанча ер ости ва ер усти қайрилиш ҳамда пиёдалар ўтиш жойлари, замонавий нур қайтарувчи йўл белгилари ва чизиқлари кераклиги бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилиб, келгуси йилда халқаро молия ташкилотларидан маблағ жалб қилиш прогнозига бу мақсадлар учун 200 миллион доллар киритилади.

Албатта, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида муайян ишлар қилинган. Мисол учун, 61 та автомобиль йўлларининг хавфли участкаларига фоторадар қурилмалари, 69 та чорраҳада интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш учун рақамли светофор ва йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи 118 та фото ва видео қайд қилиш дастурий техника воситалари комплекси ўрнатилиб, ишга туширилган.

Шунингдек, йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш бўйича 1968 та янги ҳамда мактаблар олдида тезликни чекловчи 69 та йўл белгилари, йўналишларда дастлабки, аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган 11 та светофорлар ўрнатилиб, 23 та янги светофор қурилди, 28 та светофор реконструкция қилинган. Мактаблар олдига 40 та “қавариқ” пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилган.

Лекин бу ишлар етарли бўлмаяпти-да. Агар акси бўлганида, ўтган олти ой давомида 5 ва ундан ортиқ ҳуқуқбузарликлар содир этган ҳайдовчилар вилоят ҳудудида 5803 тани ташкил этмаган бўларди. Шунингдек, ярим йилда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 94 тасига ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка риоя этмаслиги сабаб бўлган.

Умуман, видеоселектор йиғилишида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг кўплиги ҳамда сурункали қоидабузарлар сони бўйича Самарқанд “етакчи”лар қаторида эканлиги қайд этилди.

Бу ҳайдовчилар давлатимиз раҳбари айтганидек, “жаримани тўлаб қўйдим, билганимдек юраман” қабилида иш тутишган. Энди сурункали қоидабузарларга кўриладиган чоралар қатъий бўлади. “Ашаддий ҳуқуқбузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида янги тизим қиламиз», - деди Президент.

Шавкат ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.