«Авлоний»: Адиб қарашларида туб бурилиш ясаган 69 кун

Фильм воқеалари поездда бошланишининг ўзи томошабинда савол уйғотади. Авлоний қаёққа йўл олди? Ёнидагилар кимлар? Маърифатпарварни улар билан қандай ришталар боғлайди ўзи? Қадамба-қадам манзил ва мақсад ойдинлаша бошлайди. Тошкентдан йўлга чиққан поезд Самарқанд, Чоржўй, яна бир нечта шаҳарларда тўхтаб ўтади. Рус ҳарбийлари, бир нечта тилларда сўзловчи хуфиялар, афғон аскарлари, хориж сиёсатчиларидан иборат делегация афғон юртига йўл олаётгани фильм давомида маълум бўла бошлайди.

Ўтган асрнинг бошларида, хусусан, 1919 йилда рўй бераётган воқеалар намойиш этилар экан, томошабин анча пайтга қадар Авлоний бу делегация таркибига қандай қўшилиб қолган ўзи, деган саволга жавоб излайди. Сабаби, бизнинг наздимизда Авлоний бошқа жадид боболаримиз каби мактаб ташкил қилиб, газета чиқарган, маърифат улашган, мамлакатда илк бор театрга асос солиб, элга маданият улашмоқчи бўлган юрт фидойилари сифатида гавдаланади. Шунинг учун бўлса керак, «Авлоний» катта экранларга чиқиши билан кўпчилик шу йўналишни қамраб олган фильм томоша қиламиз, деган тасаввурда эди. Авлонийнинг большевикларнинг йирик дипломатлари ҳамроҳлигидаги саёҳати кишини бир муддатга таажжубга қўйиши ҳам шундан.

Шу ўринда, XX аср бошлари мамлакатимиз тарихида турли воқеликларни ўз ичига олган мураккаб бир давр сифатида ўрин олганлигини эслатиб ўтиш жоиз. Бир томондан Европа давлатларидаги саноат инқилоби, маърифат тарқатиш усулларининг Ўрта Осиёга нигоҳлари қадалган йирик давлатлар кўмагида келиши, шу тариқа ушбу мамлакат зиёлиларининг ҳам бу каби эзгуликларни ўз юртида тарқатишга ташналик, иккинчи томондан, бу ташналикдан фойдаланаётганларнинг мавжудлиги ҳамда бу ўлкаларда бир нечта манфаатларнинг тўқнашуви юз бераётган пайт эди.

Янги усулдаги мактаб, маърифат масканлари қуришга бор маблағини сарфлаган маърифатпарварларнинг асл мақсади халқни янги давр сари чорлашдан иборат бўлди. Большевикларнинг, шўролар ҳукуматининг маърифат тарқатишдек улкан ишга бел боғлаб, бу юртларга «қадам ранжида қилгани» билан боғлиқ ишонтирувлар орқали маърифатпарвар жадидларимиздан фойдаланишга уринишлар ҳам бўлганлиги маълум. Абдулла Авлоний рус сиёсатчиларининг бу қарашларига ишонади ва қисқа муддат большевикларга хизмат қилади.

Аслида бу факт барчага ҳам маълум бўлмаса керак. Аксариятимиз буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийни фақат унинг педагогик асарлари, жадидчи сифатида янги мактаблар ташкил қилгани, чоп этган газеталари орқали яхши таниймиз. Қисқа муддатда дипломат сифатидаги фаолияти ва энг асосийси, бу фаолият унинг қарашларини тамоман ўзгартириб юборганлиги билан аҳамиятлидир.

Адибнинг Бегали Қосимов томонидан нашрга тайёрланган «Танланган асарлар»ида жумладан, бу ҳақда шундай маълумотлар бор.

«1978 йилда Авлоний таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан шоирнинг шахсий архивини кўздан кечирар эканмиз, Афғонистон са­фари кундаликларига дуч келиб қолдик. Абдулла Авлоний республика партия ва ҳукуматининг топшириғи билан 1919 йилда РСФСР Ташқи ишлар халқ комиссариатининг вакили Н.3.Бровинга муовин тайинланиб, Афғонистонга борган. Ўша йили сентябрда афғон ҳукумати билан олиб борилган музокараларнинг барчасида иштирок этган. 1919 йилнинг 26 октябридан 1920 йилнинг 28 июлига қадар шўроларнинг Ҳиротдаги мухтор элчиси бўлиб турган эди. Бу маълумотлар шоир таржимаи ҳолида, шахсий архивидаги қатор ҳужжатлар, хусусан, Афғонистон сафарига оид расмий ҳисоботларида бор эди, албатта. Чунончи, Авлоний ва унинг ҳамроҳлари Тошкентдан Кобулга 68 кун деганда етиб борганликлари, йўлда жуда қаттиқ қийинчиликларга дуч келганликларини билардик. Шунга қарамасдан, кундаликларнинг топилиши катта воқеа бўлди. У аввало, халқимиз, мамлакатимиз тарихида ғоят оғир бўлган 1919 йил воқеаларини, очлик, вайронгарчиликларни самимий ва рўй-рост етказгани билан муҳим эди».

Ҳа, айнан Афғонистонга саёҳатдан сўнг Авлоний умрининг сўнггига қадар сиёсатга умуман аралашмайди, фақат муаллимлик қилади. Шу маънода фильм Авлонийнинг ҳаётида муҳим ўрин тутган, қарашларида туб бурилиш ясаган саёҳат воқеаларини тасвирлагани билан ҳам аҳамиятли. Фильмда саёҳат давомидаги қийинчиликлар баробарида, делегация аъзолари ўртасидаги ўзаро нифоқлар, қайси ҳудудда бўлмасин, Авлонийнинг илму амали туфайли юксак мавқеи гавдаланиб бораверади. Турли воқеликлар Авлоний хотираларини гавдалантириб, унинг шахси йўл-йўлакай очилиб боради. Саёҳатнинг таъсири маърифатпарвар жадиднинг шеъри орқали фильм бошида айтилса-да, аслида бу мисралар фильм хотимаси ҳамда мазмун-моҳиятига ҳамоҳангдир:

Дунё кездим, кўбни кўрдим, ҳеч ҳақиқат кўрмадим,

Ҳуррият номин эшитдим, лек адолат кўрмадим.

Маслаку мақсадга ишлармиз, дея лоф урдилар,

Ишламакда сўзларига ҳеч садоқат кўрмадим.

Қайда ул инсоният, қай мусовот, оҳким,

Тилларига дилларин асло лаёқат кўрмадим.

Мажлису минбарда оғиздан чиқар озодлиқ,

Жойи хилватгоҳда бир тўғри нийят кўрмадим.

Фильмни шунчаки эмас, тарихдан хабардор бўлиб кўриш, англаш мақбулроқ. Акс ҳолда буюк маърифатпарварнинг шунча ишлари туриб, нега айнан 69 кунлик саёҳати кинога олинган экан, деган савол қаршисида қолаверасиз. Тарихий фильмлар олишда узоқ йиллик узилишлардан сўнг олинган ушбу киноасар мухлислар учун ҳақиқий янгилик, десак адашмаймиз. Фильмдаги воқеалар тадрижини тўлиқ баён қилмаслигимиз сабаби ҳам шунда, уни фақат кўриш керак, ҳикоя қилиб бўлмайди!

Дарвоқе, адибнинг «Афғон саёҳати» номли кундаликларида (юқорида кундалик ҳақида Бегали Қосимовнинг фикрларини келтирдик) мазкур тарихий воқеаларнинг бир қисми тасвирланган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик мазкур кундалик ҳамда бошқа изланишлари натижасида «Қалдирғоч» асарини ёзади ва ушбу асар асосида «Авлоний» фильми суратга олинди.

***

Эслатиб ўтамиз, яқинда «Шарқ юлдузи» кинотеатрида «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан суратга олинган «Авлоний» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Айтиш керакки, мазкур фильмнинг илк премьераси пойтахтда яқин кунларда ўтказилган ва талайгина баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

Фильм намойишидан сўнг режиссёр Музаффар Эркинов, актёрлар Аброр Йўлдошев, Анвар Картаев, Бекзод Мирзаевлар фильмни олиш жараёнидаги ҳолатлар, қийинчилик ва мураккабликлар ҳамда фильм олинишидан кўзланган мақсад хусусида тўхталиб ўтишди. Абдулла Авлоний ролини Хоразм театри актёри Алишер Йўлдошев ижро этган бўлса, маҳоратли актёрлардан Матёқуб Матчонов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Аброр Йўлдошев, Жавоҳир Зокировларнинг талқини фильм салоҳиятини оширишга хизмат қилган.

Фильмни суратга олиш ишлари шу йилнинг апрель ойида бошланиб, август ойида ниҳоясига етди. Съёмка жараёнлари Хоразм, Қорақалпоғистон, Қўқон ҳудудларида бўлиб ўтди. 20 дан зиёд декорация, жумладан, 3 та вокзал, 2 та 14 метрли поезд, битта пароход қурилди, 500 дан зиёд костюм тикилди.

- Кейинги йилларда тарихий фильмлар суратга олишда ижобий қадамлар қўйилмоқда, - деди томошабинлар билан суҳбат жараёнида Музаффар Эркинов. - Президентимизнинг эътибори туфайли бўлаётган бу каби ўзгаришлар, тарихий фильмлар олиниши давомли бўлишига ишонамиз. Табиийки, орадаги узоқ узилишдан сўнг мамлакатимизда тарихий фильмлар олиниши ижодкорларга қатор қийинчиликлар туғдирди. Ўша давр руҳини тасвирлаш, костюмлар, тил - хуллас, барча масалалар мутахассислар билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилди. Аммо камчиликлари ҳам бор.  Муҳими, ушбу фильм ёшларнинг тарихга, жадид боболаримиз ҳаётига қизиқишини оширса, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилса, мақсадимиз амалга ошган бўлади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.