Автобусга чиқсам мен агар...

Жамоат транспорти сони кундан кунга кўпайиб, кўпчиликнинг узоғини яқин қилмоқда. Йўловчиларга яратилаётган қулайликлар, хориждан янги транспорт воситалари олиб келинаётгани қувонарли, албатта. Бироқ жамоат транспортидаги айрим кўнгилсиз ҳолатлар дилни хира қилади.

Талабаман, ҳар куни жамоат транспортидан фойдаланишимга тўғри келади. Дарсга боришда ёки қайтишда туртиниб-суртиниб автобусга зўрға чиқаман. Автобусда манзилига тезроқ етишини кутиб, тиқилинчга аранг чидаб кетаётган чеҳраларга кўзим тушади. Бир қадам сурилишнинг ҳам иложи бўлмай турган бир вазиятда ҳайдовчи ёки “кондуктор”нинг “сурилинг, тепароққа юринг, сиздан кейин ҳам одамлар жойлашиши керак!” деган гапи қулоқни жаҳлингизни чиқаради.

Автобус салонидаги одамлар ойнага “ёпишиб, баъзилари эшикдан чиқиб кетай деб турганини кўриб ҳам.

Самарқандга яқинда олиб келинган янги автобусларда йўловчилар учун қулайликлар яратилган, сиғими белгиланган ва эълони ҳам илиб қўйилган экан.  Лекин сиғим ўша эълондагина амал қиладими? Аслида, ҳайдовчилар  белгиланган меъёрда йўловчи олса, автобусларда бундай ноқулайликлар бўлмайди.

Яна бир гап. Одамлар зич жойлашганлигини кўриб туриб ҳам автобусга чиқаётган йўловчиларни учратамиз. Натижада нуронийлар, ҳомиладор аёллар ва ногиронлар кўп азият чекади. Масалан, ўзим баъзида бунга мажбур бўламан. Яқинда мен ҳар куни чиқадиган автобус ҳайдовчиси бошқа бир ҳамкасби билан “пойга” ўйнаши натижасида бекатга тўхтамади. Дарсга кечикмаслик учун одамларни “картошка” каби ортган кейинги автобусга чиқишимга тўғри келди. Таксига чиқай десам, бензин, газ нархи ошгани учун йўлкира кўтарилган, чўнтак кўтармайди.

Ҳайдовчи ва “кондуктор”ларнинг белгиланган тартиб-қоидага амал қилиниши таъминланмас экан, кўнгилсиз ҳодисалар ва бундан азият чекаётган фуқаролар сони кўпайиб бораверади. Умуман, ҳайдовчиларнинг белгиланган меъёрда йўловчи ташишини назорат қиладиганлар борми?

Гулинур ОМОНОВА.